Ўзбекистонда хусусий тиббиёт ташкилотлари фаолияти устидан назорат кучайтирилди. Президент қарори асосида Рақобат қўмитаси ва жамоат ташкилотлари томонидан 8,5 мингга яқин клиника текширувдан ўтказилди.
Текширувлар давомида кўплаб муассасаларда қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, 27% ташкилот кўрсатилган манзилда фаолият юритмаган, 61% да нархномалар мавжуд эмас. 20% ҳолатда маълумотлар давлат тилида берилмаган.
Аксарият клиникалар ташқи реклама талабларига риоя қилмаган. Энг муҳими, айрим клиникалар лицензияда назарда тутилмаган хизмат турларини ҳам кўрсатиб келган.
Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги бир қатор муассасаларда лицензиясиз фаолият ҳолатлари қайд этилган. Улар орасида “SHEROBOD SHIFO MASKANI” ва “CHIRCHIQ ZINNURA STOM” кабилар бор.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли идораларга маълумот тақдим этди. Бундан кейинги фаолиятда ҳам жамоатчилик назоратини кучайтириш режалаштирилган.
Маълумот учун, 2024 йилда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 8 343 та бўлган бўлса, 2025 йил бошига келиб бу кўрсаткич 8 486 тани ташкил этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!