Facebook ижтимоий тармоғида қолдирилган мурожаат юзасидан АVО банкнинг расмий баёноти

Facebook ижтимоий тармоғида қолдирилган мурожаат юзасидан АVО банкнинг расмий баёноти
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • АВО банк мижознинг ҳисобварақларидаги маблағларга чеклов қўйилгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.
  • Ушбу чеклов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов доирасида қўйилган бўлиб, банк уни мустақил равишда бекор қила олмайди.
  • Банк мижозга бир неча бор тушунтиришлар берган ва чекловни бекор қилиш учун ваколатли органларга мурожаат қилишни тавсия этган.
  • Чеклов бекор қилингунига қадар омонат бўйича фоизлар ҳисобланишда давом этади.

АVО банк ижтимоий тармоқларда мижознинг ҳисобварақлари ва омонатлари бўйича операцияларга чеклов қўйилгани ҳақида тарқалаётган ахборот муносабати билан расмий тушунтириш беришни зарур деб ҳисоблаймиз, дея ўз расмий саҳифаси орқали ушбу баёнотни эълон қилди.

Чеклов қандай асосда қўйилган

Мижознинг ҳисобварақлари ва омонатларидаги пул маблағларини тасарруф этишга чеклов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан ўтказилаётган тергов тадбирлари доирасидаги талаби асосида қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар банкдан ҳар қандай ҳисобварақлар, жумладан омонатлар, талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварақлар ва карта ҳисоблари бўйича операцияларга чеклов қўйишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, банк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган талабларини ижро этиши шарт.

Банк қўйилган чекловни мустақил равишда бекор қилишга ҳақли эмас. Бу фақат ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тегишли ҳужжати асосида амалга оширилиши мумкин. Ҳатто чеклов хато қўйилган бўлса ҳам, банк уни ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг бевосита тегишли кўрсатмасисиз бекор қила олмайди.

Маълумки, мижоз давлат органидан олган хатига таянмоқда. Банк тақдим этилган ҳужжатни кўриб чиқди ва мижозга ушбу ҳужжат ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг чекловни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжати эмаслигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра пул маблағларини блокдан чиқариш учун асос бўла олмаслигини ёзма равишда хабар берган.

Банк мижозга бир неча бор тушунтиришлар берган

«АVО банк» АЖ мижознинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмаган. Банк мижозга бир неча бор ёзма ва оғзаки тушунтиришлар берган бўлиб, уларда қўйилган чекловнинг сабаблари, уни қўллаш асослари, банк ваколатлари ҳамда чекловни бекор қилиш учун зарур ҳаракатлар тартибини изчил тушунтириб келган, жумладан ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суд инстанцияларига мурожаат қилишни тавсия этган.

Нега банк давлат органларидан олинган айрим ҳужжатларни тақдим эта олмайди

Банк шуни ҳам таъкидлайдики, ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушадиган, махфий ёхуд хизмат доирасидаги хусусиятга эга ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра банк томонидан тақдим этилиши мумкин эмас.

Шунингдек, Банк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жисмоний шахс мол-мулкидан хатловни бекор қилувчи процессуал ҳужжатлар чиқарилишини талаб қилиш ёки сўраш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳужжатлар берилишини сўраб илтимоснома киритиш ва уларни талаб қилиш – маблағлар эгаси сифатида фуқаронинг ўзига тегишли ҳуқуқдир.

Давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик

Банк тақдим этилган ахборотни текшириш ва чеклов қўйилиши ҳолатларини аниқлаштириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилган. Таъкидлаш керакки, чекловни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжат банкка ҳозирги кунга қадар келиб тушмаган. Чекловни бекор қилиш муддатлари банкка боғлиқ эмас ва ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг қарори билан белгиланади.

Банк бу борада давлат органлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда ва вазиятнинг имкон қадар тез ҳал этилишига кўмаклашмоқда.

Банкнинг ушбу масала бўйича позицияси ўзгаргани йўқ: банк тегишли ҳужжатни олгач, пул маблағларини блокдан чиқариш бўйича зарур ҳаракатларни зудлик билан бажаради.

Омонат бўйича фоизларнинг ҳисобланиши

Алоҳида эътиборингизни қаратамизки, депозит ҳисобварағидаги пул маблағларини тасарруф этишга чеклов қўйилиши омонат бўйича фоизлар ҳисобланишини тўхтатмайди.

Фоизлар банк томонидан банк омонати шартномаси шартлари ва банкнинг амалдаги тартиб-таомилларига мувофиқ омонат шартномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳисоблаб борилган.

Мижознинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи

Банк ҳар бир мижознинг ўз манфаатларини, шу жумладан суд тартибида ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилади. Банкнинг барча ҳаракатлари қонунчилик талабларига асосланган ва банк уларнинг қонунийлигини белгиланган тартибда асослаб беришга тайёр.

Тарқатилаётган хабарлар ҳақида

Банк ахборот макони иштирокчилари эътиборини банк, унинг мижозлари ва молиявий операциялари тўғрисидаги ахборотни тарқатишга масъулият билан ёндашиш зарурлигига ҳам қаратади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ишончсиз ахборотни, жумладан юридик шахснинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан «АVО банк» АЖ оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва ахборот маконининг бошқа иштирокчиларини ушбу вазиятни ёритишда банкнинг расмий позициясини инобатга олишга ҳамда маълумотларни эълон қилишдан олдин текширишга чақиради.

Банк позицияси

Банк бундан буён ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида қатъий ҳаракат қилади ҳамда айни пайтда мижозларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда юзага келаётган масалаларни ҳал этишда уларга имкон қадар тезкор ва тўғри кўмаклашишга интилади.

Банк хизмати билан боғлиқ масалалар юзасидан «АVО банк» АЖ Call-марказига (78) 888-78-87 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар