
Андижон вилоятида фермер хўжалигига тегишли ер майдонини ноқонуний равишда сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Асака тумани бўлими ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаролар В.Т. ва Х.С. томонидан қонунбузарлик содир этилгани аниқланган.
Тергов материалларига кўра, гумонланувчилар тумандаги Ю.М. фермер хўжалигига қарашли, "Юқори Бўз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 0,6 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Улар ушбу ерни фуқаро У.К.'га 25 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, кадастр ҳужжатларини кейинчалик расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Шахслар келишилган маблағдан 22 500 АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.