Истанбул аэропортида ҳушидан кетган 19 ёшли ўзбекистонлик йигит Ватанга қайтарилди

Туркияда соғлиғи ёмонлашиб, Ўзбекистонга қайтиш учун Истанбул аэропортига келганида ҳушини йўқотган 19 ёшли ўзбекистонлик йигит даволаниб, Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Туркияга ишлаш мақсадида борган 19 ёшли А.С. соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган. Шу боис у Ўзбекистонга қайтишга қарор қилиб, авиачипта харид қилган. Бироқ Истанбул аэропортига келганида унинг аҳволи кескин ёмонлашиб, ҳушидан кетган.
Йигит шошилинч равишда Истанбулнинг Башакшеҳир туманида жойлашган Çam ve Sakura шаҳар шифохонасига олиб борилган. У ерда зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Даволаниш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми Туркияда яшаётган саховатпеша ватандошлар кўмагида қопланган.
Бош консулхона ва Миграция агентлиги йигитнинг аҳволини назоратга олиб, унинг Ўзбекистонга қайтишини ташкил этиш учун зарур чораларни кўрган. Тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида 19 ёшли фуқаро Ватанга қайтарилган.
Бош консулхона ушбу қийин вазиятда қолган юртдошига ёрдам берган барча саховатпеша ватандошларга миннатдорлик билдирган.






























Изоҳлар 0
…