Фарғонада келинига тегажоғлик қилган қайнота қамалди

Фарғона вилоятида 56 ёшли эркак келинига нисбатан ножўя ҳаракатлар қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд қарорига кўра, у 5 суткага қамалган.
Иш ҳужжатларида қайд этилишича, ҳодиса Тошлоқ туманидаги “Юқориқишлоқ” маҳалласида, оила яшаб келган уйда содир бўлган. Маълум бўлишича, ўтган йил октябрь ойида эркак турмуш ўртоғи уйда йўқлигидан фойдаланиб, келинини қучоқлаб, унга нисбатан шилқимлик қилган. У ўғли келинига етарли меҳр бермаётганини айтиб, ўзи ғамхўрлик қилишини билдирган.
Орадан вақт ўтиб, оилавий жанжал пайтида эркак яна келинининг хонасига кириб, унга нисбатан ножўя муносабат билдирган. Жабрланувчи бу ҳолат ҳақида қариндошларига ва хорижда ишлаётган турмуш ўртоғига маълум қилган.
Шундан сўнг аёл фарзандлари билан ота-онасиникига кўчиб ўтган. Ҳолат юзасидан тўпланган материаллар судда кўриб чиқилиб, эркакка нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!