Ўсмирлар уйқуси кескин камайди: хавфли оқибатлар кучайди

Бугунги ўсмирлар 15 йил аввалги тенгдошларига нисбатан анча кам ухлаяпти ва уйқу танқислиги энди якка ҳолат эмас — оммавий муаммога айланяпти. АҚШдаги Коннектикут университети тиббиёт мактаби олимлари айнан шу хулосага келган .
Тадқиқотчилар АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) мунтазам ўтказиб келадиган ўсмирлар хулқ-атвори бўйича миллий сўровнома маълумотларини таҳлил қилган. Бу сўровнома мактаб ўқувчиларининг ҳаёт тарзи, одатлари ва кундалик режими ҳақида энг йирик кузатувлардан бири ҳисобланади. Таҳлилга 2007–2023 йиллар оралиғидаги маълумотлар киритилган.
Натижа эса хавотирли: ўсмирларнинг ярмидан кўпи суткасига беш соатдан кам ухлашини билдирган. Олимлар буни кузатув давридаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этган. Яъни муаммо секин-аста эмас, сезиларли даражада кучайиб борган.
Мутахассислар таъкидлашича, беш соатдан кам уйқу ўсиб бораётган организм учун жуда кам. Доимий уйқу етишмаслиги руҳий ҳолатга ҳам, кундалик фаолиятга ҳам “сокин зарба” беради: хавотир, тушкунлик (депрессия) белгиларининг кўпайиши, диққатни жамлашда қийналиш, мактабдаги натижалар пасайиши каби ҳолатлар шундан келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, уйқу танқислиги семириш ва қандли диабет хавфини ҳам ошира олиши айтилмоқда.
Трендни рақамлар янада равшан кўрсатади:
2007 йилда саккиз соат ёки ундан кўп ухлайдиган мактаб ўқувчилари 30 фоиздан ортиқ бўлган. 2023 йилга келиб эса бу кўрсаткич чорак қисмдан ҳам камроқ даражага тушиб кетган. Демак, “нормал уйқу” гуруҳи қисқаряпти, “кам уйқу” гуруҳи эса кенгайяпти.
Энг қизиғи — кам ухлаш фақат “экран кўп” деган оддий сабаб билан чекланмас экан. Тадқиқотда қайд этилишича, депрессив фикрлар бор-йўқлигига ёки экран қаршисида кўп вақт ўтказиш-ўтказмаслигига қарамасдан, деярли барча ўсмирлар гуруҳларида уйқу қисқариши кузатилмоқда. Яъни бу масала умумий ҳаёт тарзи, ритм ва босимлар билан ҳам боғлиқ бўлиши эҳтимол.
Хулоса битта: уйқу — “вақтни йўқотиш” эмас, ўсмир учун энг асосий ресурслардан бири. Агар бу ресурс мунтазам камайса, оқибати кайфиятда ҳам, соғлиқда ҳам, ўқишда ҳам барибир сезилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!