Қимор рекламасига аралашган ўзбекистонлик блогер қидирувга берилди

Ўзбекистонлик блогер Маҳмуд Ҳикматов ноқонуний интернет-казиналарни тарғиб қилишда гумонланиб, халқаро қидирувга берилди. Қозоғистон суди унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини белгилаган. Терговга кўра, Ҳикматов 35 нафардан ортиқ инфлюенсерни жалб қилиб, қимор платформалари рекламасини тарқатишни ташкил этган. Улар орасида интернет-казиноларга олиб борувчи реферал ҳаволаларни жойлаштирган Ҳамза Қ. ҳам бўлган.
Қозоғистонда фаолият юритган ўзбекистонлик блогер Маҳмуд Ҳикматов ноқонуний интернет-казиналарни тарғиб қилишда гумонланиб, халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, 2000 йилда Ўзбекистонда туғилган Маҳмуд Ҳикматовга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси белгиланган.
Қайд этилишича, Қозоғистон ҳудудида бештадан ортиқ ноқонуний онлайн қиморхона фаолиятини ташкил этиш, улар орқали пул маблағларини қабул қилиш ва тўлаш, шунингдек, мамлакат фуқароларини қимор ўйинларига жалб қилишга қаратилган реклама ишлари амалга оширилган.
Тергов версиясига кўра, ушбу қимор платформаларини оммалаштириш учун ташкилотчилар блогерлар билан ҳамкорлик қилган. Ҳикматовга эса Қозоғистонда фаолият юритадиган инфлюенсерларни топиш ва улар орқали реклама материалларини тарқатишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган.
Молиявий мониторинг агентлиги маълумотига кўра, блогер ушбу тармоққа 35 нафардан ортиқ инфлюенсерни жалб қилган. Улар орасида Ҳамза Қ. исмли блогер ҳам бўлган.
Тергов маълумотларида айтилишича, катта аудиторияга эга бўлган Ҳамза Қ. интернет-казиноларга олиб борувчи реферал ҳаволаларни жойлаштирган. Ушбу ҳаволалар орқали қимор платформаларига кирган ҳар бир фойдаланувчи учун блогерга мукофот тўланган.






























Изоҳлар 0
…