Божхонада шов-шув: йўловчи сумкасидан бўғма илон чиқди

Божхонада шов-шув: йўловчи сумкасидан бўғма илон чиқди

“Навоий” чегара божхона постида ноодатий ҳолат аниқланди. Божхона ходимлари томонидан мамлакат ҳудудига йўлбарссимон бўғма илонни олиб киришга бўлган уриниш фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Билдирилишича, мазкур илон тури халқаро муҳофаза остида бўлиб, уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш учун махсус халқаро CITES рухсатномаси талаб этилади. Бироқ текширув жараёнида йўловчи томонидан бундай рухсат берувчи ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Ҳозирги вақтда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Аниқланишича, жонивор белгиланган тартиб асосида Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларига топширилган. Унинг ҳолати қониқарли экани маълум қилинди.

Маълумот ўрнида, йўлбарссимон бўғма илон заҳарсиз, аммо йирик ўлчамли бўғма илонлар қаторига киради. У ўз ўлжасини заҳар билан эмас, балки кучли танаси билан ўраб сиқиш орқали овлайди. Бу тур асосан Марказий ва Жанубий Американинг тропик ўрмонлари, бутазорлари ҳамда саванна ҳудудларида учрайди.

Унинг узунлиги одатда 2–4 метрни ташкил этади, айрим йирик намуналари эса 5 метргача ўсиши мумкин. Танасидаги жигарранг, қора ва сарғиш тусдаги мураккаб нақшлар йўлбарс терисини эслатгани учун унга “йўлбарссимон” номи берилган.

Мазкур илон кемирувчилар, қушлар, калтакесаклар ва майда сутэмизувчилар билан озиқланади. Мутахассислар таъкидлашича, у одатда инсонларга ҳужум қилмайди ва заҳарли ҳисобланмайди. Бироқ кучли мушаклари ва катта ҳажми сабабли унга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим.

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, йўлбарссимон бўғма илон тухум қўймайди, балки тирик бола туғади. Бир марта туғиш жараёнида ўнлаб болалари дунёга келиши мумкин. Шу боис у дунёнинг айрим мамлакатларида экзотик уй ҳайвони сифатида ҳам парвариш қилинади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар