Самарқандда фожеа: 3 ёшли бола сувга чўкиб вафот этди

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида ачинарли ҳодиса юз берди — 3 ёшли бола сув ҳавзасига тушиб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа 5 июн куни “Сарбозор” МФЙ ҳудудида жойлашган “Юлдузча” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. 2023 йилда туғилган тарбияланувчи муассаса яқинидаги умумтаълим мактаби ҳудудида фавқулодда ҳолатлар учун қурилган сув ҳавзасига тушиб кетган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган бўлиши мумкин. Афсуски, бола сувдан чиқариб олинганига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Ҳозирда ушбу фожеали ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар ҳодиса сабабларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.





























Изоҳлар 0
…