Машҳур блогер Gonzo нима учун қамалди?

“Гонзо” тахаллуси билан танилган блогер Гейдар Алиев содир этган ҳуқуқбузарликлари учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 13 июн куни Тошкент шаҳридаги фестивалда фуқароларни розилигисиз тасвирга олиб тарқатгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳамда жамоат жойида ҳақоратомуз сўзлар ишлатгани аниқланди.
“Gonzo” тахаллуси билан танилган блогер Гейдар Алиев маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд қарорига кўра, у бир қатор ҳуқуқбузарликларда айбли деб топилиб, маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Маълумотларга кўра, блогер жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган фестиваль давомида жамоат тартибига зид ҳаракатлар содир этган. Хусусан, у айрим фуқароларни уларнинг розилигисиз видеотасвирга олган ва ушбу материалларни интернет тармоқларида тарқатган.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳамда жамоат жойида ҳақоратомуз сўзлар ишлатгани қайд этилган.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, 17 июнь куни блогер Telegram орқали бир фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни тарқатган.
Суд мажлиси давомида Гейдар Алиев ўз ҳаракатларидан афсусда эканини билдириб, қилган ишлари учун пушаймонлигини айтган. Жабрланувчилар эса қонун доирасида қатъий чора кўришни сўраган.
Суд қарорига асосан, блогер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини бажармаслик ҳамда шахсга доир маълумотлар ҳақидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ моддалари бўйича айбдор деб топилди.
Натижада унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.






























Изоҳлар 0
…