Мактаб тўгарагига бормаган боласини урган она қамалди

Сирдарё вилоятида 10 ёшли фарзандини мактаб тўгарагига бормагани учун кийим илгич билан урган аёлга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани суди аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Суд-тиббий экспертиза болада соғлиғининг қисқа муддат бузилишига сабаб бўлмаган енгил тан жароҳатлари борлигини аниқлади.
Сирдарё вилоятида 10 ёшли фарзандини мактаб тўгарагига бормагани учун жазолаган аёл маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, аёл фарзандининг тўгарак ўрнига кўчада ўйнаб юрганини кўриб, жаҳли чиққан. Шундан сўнг у қўлидаги кийим илгич билан боланинг боши ва танасининг турли жойларига бир неча марта урган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, бола соғлиғининг қисқа муддат бузилишига сабаб бўлмаган енгил тан жароҳатлари олган.
Жабрланувчининг қонуний вакили ҳисобланган отаси воқеадан ишдан қайтгач хабар топганини билдирган. У турмуш ўртоғига нисбатан даъвоси йўқлигини, оила тинчлигини сақлаб қолишни исташини айтиб, суддан унга нисбатан енгилроқ чора кўришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани суди аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Суд қарорига кўра, унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шу билан бирга, аёлга келгусида бу каби ҳолатлар яна такрорланса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари қўлланиши мумкинлиги ҳақида расмий огоҳлантириш берилди.






























Изоҳлар 0
…