“Гўёки ўлимини сезгандек...” Жиззахлик блогернинг видеоси ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди (видео)

Жиззахлик 21 ёшли блогер Орзигул Уразматованинг 4 августдан 5 августга ўтар кечаси Жиззах шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда блогернинг ҳаётининг сўнгги кунларига оид турли видеолар кенг тарқала бошлади. Улардан бирида Орзигул кафелардан бирида ўтирган пайтда ҳазиломуз оҳангда: “Мободо ўлсам, шу видеони қўярсан. Ҳозир ўлимимни эслаяпман. Ўлсам мени миллион одам таниса керак, вайнларим янада машҳур бўлса керак”, дея гапираётгани акс этган.
Мазкур видео қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, фойдаланувчилар орасида турли фикр ва тахминларга сабаб бўлди. Айримлар инсон ўз ўлимини олдиндан сезиши мумкинлигини ёзаётган бўлса, бошқалар бу сўзларни тасодиф ёки оддий ҳазил сифатида баҳоламоқда. Яна айрим фойдаланувчилар эса блогернинг автомобил давлат рақамидаги сонларни унинг вафот этган санаси билан боғлашга уринмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Орзигул Уразматова бошқарувидаги Lacetti русумли автомобил йўлдан чиқиб, дарахтга урилган. Айтилишича, ҳайдовчи рул бошқарувида видео тасвирга олишга чалғигани оқибатида автомобил устидан назоратни йўқотган.
Блогер оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур тиббий ёрдам кўрсатган бўлса-да, афсуски, Орзигул Уразматовани қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.






























Изоҳлар 0
…