Тошкентдаги ноқонуний хусусий боғча фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкентдаги ноқонуний хусусий боғча фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ноқонуний фаолият юритаётган хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Маълум қилинишича, фуқаролардан келиб тушган мурожаат асосида Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан Бизнес омбудсманини хабардор қилиш тартибида текширув ўтказилган. Текширув давомида боғчада санитария-гигиена қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Бошқарма бўлим мудири Дилфуза Ҳикматованинг маълум қилишича, муассасада 20 нафардан ортиқ тарбияланувчига хизмат кўрсатилган. Бироқ боғчада тиббиёт хонаси, ошхона, кир ювиш хонаси, омбор ҳамда бошқа зарур ёрдамчи хоналар умуман мавжуд бўлмаган.

Шунингдек, болаларнинг соғлом овқатланиши, сифатли таълим ва тарбия олиши учун зарур шароитлар яратилмагани, тарбияланувчилар қабул қилинаётганда уларнинг соғлиғи ҳақида тиббий маълумотлар олинмагани ҳам аниқланган. Бундан ташқари, тиббий ҳужжатлар умуман юритилмагани ва муассаса масъулларида бу борада етарли билим ҳамда малака мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Текширув якунида аниқланган камчиликлар бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, тегишли ҳужжатлар Солиқ қўмитаси ҳамда ваколатли идораларга юборилган. Ҳозирча мазкур хусусий боғчанинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар