Сурхондарёда ота 9 ёшли қизини тезак ейишга мажбур қилди

Сурхондарё вилоятида вояга етмаган қизга нисбатан зўравонлик қилингани ҳақидаги ҳолат кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеа юзасидан текширув ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, нохуш воқеа Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида содир бўлган. Ўрганишлар давомида 36 ёшли ота ўзининг 9 ёшли қизини жазолаш мақсадида қийнагани, унга ҳайвон тезагини олиб келишни буюргани ҳамда унинг оғзига мажбурлаб тезак солгани аниқланган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 июль куни Қумқўрғон туманидаги “Хўжақишлоқ” маҳалласида яшовчи аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи — 1993 йилда туғилган Ч.Б. вояга етмаган қизига нисбатан зўравонлик қилганини маълум қилган.
Текширув жараёнида ушбу ҳолат акс этган видео 2025 йил 30 декабрь куни тасвирга олингани, кейинчалик эса ижтимоий тармоқларда тарқатилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи сифатида 36 ёшли Ч.Б. процессуал тартибда ушланган.
Айни пайтда ушбу жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолатнинг барча тафсилотларини аниқлаш бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…