Автобусни эшикларини очиб ҳайдаган ҳайдовчига чора кўрилди

Тошкентда ҳаракатланаётган автобусни очиқ эшиклар билан бошқарган ҳайдовчига нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда йўловчилардан бири қолдирган мурожаат ортидан «Тошшаҳартрансхизмат» мутахассислари томонидан ўрганилган.
Текширувда 2026 йил 4 октябрь куни О. Э. Д. техник жиҳатдан соз автобусни бошқараётган вақтда эшиклар очиқ ҳолда ҳаракатлангани аниқланган. Бу билан ҳайдовчи лавозим йўриқномаси талабларини бузган.
Аниқланган ҳолат бўйича ҳайдовчига интизомий жазо қўлланди. 2026 йил 5 октябрдаги 88-сонли буйруққа асосан, унга бир ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима белгиланган.
12-сонли автобус саройи раҳбарияти йўловчилардан юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган.
«Тошшаҳартрансхизмат»да йўловчилар хавфсизлиги ва автобуслардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши доимий назоратда экани маълум қилинди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида назорат чоралари кучайтирилган.































Изоҳлар 0
…