Тошкентда автобусни эшигини очиб бошқарган ҳайдовчи жазоланди

Тошкентда автобус ҳаракатланаётган пайтда эшикларини очиқ қолдирган ҳайдовчига нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилди.
Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчиси йўловчилар хавфсизлиги талабларига риоя қилмагани ҳақида мурожаат тарқалган. Масъуллар ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан.
Текширув жараёнида 4 октябрь куни ҳайдовчи О.Э. техник жиҳатдан соз автобусни ҳаракат вақтида эшикларини ёпмасдан бошқаргани аниқланган. Шунингдек, у лавозим йўриқномасида белгиланган талабларни бузган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига интизомий жазо қўлланган. 5 октябрдаги 88-сон буйруққа асосан унинг ойлик маошининг 10 фоизи миқдорида жарима белгиланган.
«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчилар хавфсизлиги, автобуслардан фойдаланиш қоидалари ва ҳайдовчиларнинг хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишини назорат қилиш кучайтирилишини маълум қилди.
12-автобус саройи раҳбарияти эса юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган. Корхона бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун назорат чораларини кучайтирган.






























Изоҳлар 0
…