Сурхондарёда ўқитувчи 16 ёшли ўқувчига шилқимлик қилди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида техникум мастери вояга етмаган ўқувчига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ суд ҳужжатига таяниб хабар берди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, 25 сентябрь куни 37 ёшли эркак техникумда таҳсил олаётган 16 ёшли қизга нисбатан шаҳвоний хусусиятдаги ножўя ҳаракатларни икки марта содир этган.
Иш 6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судида кўриб чиқилган. Суд жараёнида техникум мастери ўз айбига иқрор бўлмаган.
Унинг тушунтиришича, техникум томонидан ўқувчиларга берилиши керак бўлган оёқ кийим масаласи бўйича ота-оналардан ариза йиғиш мақсадида қизни дарсдан чақирган.
Бироқ вояга етмаган ўқувчи судда онаси иштирокида бошқача кўрсатма берган. Унинг айтишича, ўқитувчи уни алоҳида хонага чақириб, ноўрин хатти-ҳаракатлар қилган. Қиз қаршилик кўрсатиб, у ердан чиқиб кетган.
Кейинроқ ўқитувчи уни яна спортзалга чақирган. Қиз у ерга борганида ҳам эркакнинг ноўрин ҳаракатларига дуч келган ва вазиятдан фойдаланиб, жойни тарк этган.
Суд ўқитувчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди.
Унга 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.






























Изоҳлар 0
…