Тошкентда кесарча кесишдан сўнг оғир аҳволга тушган аёл иши текширилмоқда

Тошкентда кесарча кесишдан сўнг оғир аҳволга тушган аёл иши текширилмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкент шаҳрида 2026 йил 24 апрелда 9-сон туманлараро перинатал марказига мурожаат қилган фуқаро М.М.да эпидурал оғриқсизлантиришдан сўнг артериал қон босими кескин пасайиб, юрак фаолияти тўхтаган.
  • Шифокорлар томонидан юрак-ўпка реанимацияси ўтказилиб, кесарча кесиш амалиёти билан тирик ўғил чақалоқ дунёга келтирилган, аммо аёлда юқори спинал блок, қон босимининг пасайиши ва гипоксия кузатилган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида кесарча кесиш амалиётидан сўнг оғир аҳволга тушган аёл олти ойдан буён кома ҳолатида экани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Бошқарма маълумотига кўра, фуқаро М.М. 2026 йил 24 апрель куни ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида қорин пастки қисми ва бел соҳасидаги кучли оғриқлардан шикоят қилиб, Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал марказига мурожаат қилган. У туғруқ бўлимига ётқизилган.

Туғруқ жараёнида аёлга эпидурал оғриқсизлантириш амалиёти ўтказилган. Шундан сўнг унинг артериал қон босими кескин пасайиб, периферик пульси аниқланмаган ва юрак фаолияти тўхтаган.

Шифокорлар зудлик билан юрак-ўпка реанимациясини ўтказган. Юрак фаолияти тикланганидан кейин кесарча кесиш амалиёти бажарилиб, тирик ўғил чақалоқ дунёга келтирилган.

Аёлда юқори спинал блок, қон босимининг пасайиши ва гипоксия — организмда кислород етишмовчилиги кузатилгани сабабли у узоқ муддат сунъий ўпка вентиляциясида қолган.

Бемор 24–27 апрель кунлари перинатал марказнинг жонлантириш бўлимида даволанган. Кейинчалик реанимобилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрореанимация бўлимига ўтказилган.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўтказган хизмат текшируви хулосасига кўра, беморга кўрсатилган тиббий ёрдам амалдаги миллий клиник протоколларга мувофиқ амалга оширилган. Бошқарма юзага келган юқори спинал блокни кам учрайдиган анестезиологик асоратлардан бири сифатида баҳолаган.

Шу билан бирга, ҳодисанинг барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда Учтепа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар