3 ёшли қизни уриб ўлдирган онадан бошқа фарзанд олиб қўйилди

Қашқадарё вилояти Касби туманида 3 ёшли боланинг ўлими билан боғлиқ ҳолатдан сўнг оиладаги бошқа вояга етмаган фарзанд ҳам қаровсиз қолдирилмади. Унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бола яқин қариндошининг васийлигига топширилди.
Аввалроқ мазкур оилада 3 ёшли ўгай қиз оғир тан жароҳати олгани ва кейин вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа 26 сентябрь куни оиладаги келишмовчилик ортидан содир бўлган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг барча тафсилотларига тергов якунлари асосида ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилишича, оиладаги бошқа боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш учун у яқин қариндошига васийликка берилган.
Мутахассислар томонидан боланинг яшаш шароити ва мавжуд хавф омиллари баҳоланмоқда. Унга зарур психологик ёрдам кўрсатилмоқда ва тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Бола энди бошқа манзилда яшаши инобатга олиниб, унинг таълим олишини узлуксиз давом эттириши учун ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ходим томонидан бола бўйича алоҳида ижтимоий кейс очилган.
Агентлик вакилларининг таъкидлашича, боланинг хавфсизлиги, фаровонлиги ва унга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар мунтазам назорат қилиб борилади.






























Изоҳлар 0
…