Қашқадарёда кредит қарзлари учун таниш аёлни ўлдиришга уринган эркак 12 йилга қамалди

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида яшовчи 35 ёшли эркак кредитларини тўлаш учун пул топиш мақсадида таниш аёлнинг уйига босқинчилик қилиш учун бостириб кирди. У қурол сифатида пичоқ ва темир сейфни кесиш учун болгарка олиб борган. Суд ҳукми билан эркак 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Суд ҳужжатларига кўра, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган эркак кредитлари мавжудлиги сабабли пулга муҳтож бўлиб қолган. У бозорда нон сотиш ва фоиз эвазига пул бериш билан шуғулланувчи таниш аёлнинг уйида кўп миқдорда пул бор деб тахмин қилган ва унинг хонадонига босқинчилик қилишни режалаштирган.
2026 йил 7 апрель куни эрталаб соат 07:00 атрофида у тиббий ниқоб тақиб, ёнига пичоқ ва болгарка олиб, аёлнинг уйига бостириб кирган. Эшикни очган аёлни тепиб йиқитган ва ундан пулни талаб қилган. Босқинчи аёлга «Пулларинг қаерда? Чиқариб бер, ўлдираман!» деб таҳдид қилиб, унинг танасига 15 марта пичоқ урган.
Шу пайт уйда бўлган жабрланувчининг 14 ёшли қизи воқеани кўриб қолган. У балкондан қўшниларни ёрдамга чақириб бақирган. Атрофдагилар эшитиб қолишидан қўрққан босқинчи кўзлаган мақсадига эришмай, воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Суд ҳукми билан эркак қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ва босқинчилик жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…