11 193
Тест синовлари якунлари: «Махсус гуруҳлар» Тошкент молия институтида ҳам ишлагани гумон қилинмоқда
Тест имтиҳонларида турли қинғир ва жинояткорона йўллар билан болалар ўқишга қабул қилинаётгани, бу ҳолатларга олий ўқув юрти мутасаддилари ва ҳаттоки раҳбарлари бош-қош бўлаётган «ректор гуруҳи», шунингдек, «зайчиклар», «паровоз» ва каби иллатлар ҳақида олдин ҳам ёзган эдик.
Тест имтиҳонлари олдидан бир қатор олий ўқув юртлари раҳбарлари томонидан ТВда чиқишлар қилиниб, жорий йилдаги тест синовлари ҳалол ва шаффоф ўтишини таъкидлашган эди. Бу борада Тошкент давлат юридик университетда амалий қадам ташланиб, синовларнинг ЎзЭкспоМарказда ташкил этилгани, тест синовларига абитуриентлар қаттиқ текшириб киритилганидан барча воқиф этиб турилди.
Лекин кейинги кунларда маълум бўляптики, пойтахтимиздаги энг нуфузли иқтисодий-молиявий таълим соҳасидаги ўқув юртлари — Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтининг айрим факультетларида қабул якунларини ҳалол ўтган, дейишга тўлиқ асос йўқ.
Хусусан, кимлардир тарафидан ташкил этилган махсус гуруҳларга ёрдам кўрсатилгани, ёки ўша гуруҳларгагина иқтидорли болалар тўпланиб қолгани ва кимдир ана шундай гуруҳларни аввалдан нопок ва нохолис ниятларда ташкил этгани шубҳа қилинмоқда.
Кейинги кунларда кўп такрорланаётган «Ректор гуруҳи» деб айтилаётган гуруҳ нима ўзи? Келинг, вазиятдан бохабар бўлиш учун номини ошкор этмаган экспертнинг бу борадаги фикрлари билан танишсак:
«Бу жуда эски схема. «Молия» ва «Нархоз»да азалдан ишлайди фақат.
1. Бунда ёпиқ гуруҳлар ташкил қилинади. Унга ҳамма ҳам ҳужжат топшира олмайди. Бу йўналишга ҳужжат олиниши ҳақидаги эълон қабул комиссияси олдидаги реклама баннерларидан ҳам олиб ташланади. Бу йўналишга топширмоқчи бўлсангиз, «бунақа йўналиш йўқ, фалонга топшир» дейишади. Мабодо, ҳуқуқингизни талаб қилсангиз ва «борку йўналиш» деб талашсангиз, «майли», деб ариза олишади, лекин сизни «техник хатолик» билан барибир бошқа йўналишга тиқиб қўйишади.
2. Давлат тест маркази расмий сайтида абитуриентлар сони онлайн равишда кўрсатилишни бошлагандан кейин, шубҳа қолдирмаслик учун, бундай йўналишга атайин сохта абитуриентлар олиб келиб ҳужжатлари топширтирилади. Турли жойлардан, кириши лозим бўлган абитуриентнинг таниш-билишларидан роса одам йиғиб келишади. Тест синовлари вақтида улар шунчаки фон бўлиб туриб беришади.
3. Фондагилар имтиҳон куни таваккал ечади ёки ҳар эҳтимолга қарши ҳеч нарсага тегмаслик буюрилади. Энг кенг тарқалган усул — фақат битта ҳарфни белгилаб чиқиш. Шунда аниқ йиғилган кўп балл бўлиб кетмайди, максимум 70–80 балл атрофида бўлади. Ана шунинг учун қабул квотасидан кейинги балларда дарҳол жуда катта фарқ кўзга ташланади.
4. Олдиндан ўқишга кириши келишган абитурентларнинг вариантларини эса домлалар ёки ўқишга киришни ният қилмаган билимлироқ «абитуриентлар» ечиб беради. Қарабсизки, соатдай бир текис ишлайди механизм. Ҳамма киради.
Бор гап шу».
Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университети — халқ тилида «Нархоз» деб аталувчи олий ўқув юртининг бир қатор факультетларида махсус гуруҳлар ишлагани ҳақидаги материаллар сайтимизда илгарироқ ёритилган эди.
- Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда
- «Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?
Энди таҳририятимизга Тошкент молия институтида ҳам айрим таълим йўналишларида махсус гуруҳ ишлагани борасида гумон уйғотувчи маълумотлар келиб тушди.
Ўзбек тилидаги «Баҳолаш иши» таълим йўналишига 5та давлат гранти, 35та тўлов шартнома асосида жами 40та абитуриент қабул қилиниши белгиланган. Тўлов-шартнома асосида кириш балли 130,8 баллни ташкил этган. «Йиқилган» абитуриентларнинг биринчиси 129,8 балл олган. Иккинчиси 96,2 балл. Фарқ — 33,6 балл. Юқорида тилга олиб ўтилган тенденденцияга кўра, «бегоналар»дан ҳам кимдир бир киши ўтган.
Ушбу йўналишда ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг жавоб варақаси рақамларига эътибор қиламиз:
7543123 дан 7543136 гача кетма-кет — жами 12 киши (жумладан, «йиқилган» биринчи абитуриент жавоблар варақаси рақами 7543129 ҳам шунинг ичида)
7684200 дан 7684227 гача кетма-кет — жами 28 киши.
Бегона рақам — 7274611 рақамли жавоблар варақаси эгаси 20-ўринда ўқишга қабул қилинган.
Рус тилидаги «Суғурта иши» йўналишига давлат гранти асосида 1 киши, тўлов-шартномаси асосида 19 киши ўқишга қабул қилинган. Ўқишга қабул қилинган сўнгги абитуриент ва «йиқилган» биринчи абитуриент баллари орасидаги фарқ 20,1 баллни ташкил этмоқда.
Ушбу йўналишда ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг жавоб варақаси рақамларига эътибор қиламиз:
7542941 дан 7542945 гача кетма-кет — 5 киши;
7543001 дан 7543013 гача кетма-кет — 13 киши, жами 18 кишига бир гуруҳда ёрдам қилинган.
7542978 ва 7543020 каби икки жавоб варақаси эгаси ўз кучи билан кирган абитуриентлар бошқа гуруҳда бўлишган.
Ўзбек тилидаги «Касбий таълим: молия» йўналишида 1та давлат гранти, 14та тўлов-шартнома асосида жами 15та талаба қабул қилиниши белгиланган.
Ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг жавоб варақаси рақамларига эътибор қилсак, 7683648 дан 7683662 гача бўлган кетма кетликда 15та талаба қабул қилинганига гувоҳ бўламиз. Яъни гуруҳдан ташқаридагиларда мутлақо имконият бўлмаган.
Институтнинг аксарият факультетларида 2017 йилги қабул вақтида конкурслар юқори — 1 ўринга 7 абитуриент курашганига қарамасдан, тилга олиб ўтилган таълим йўналишларида конкурслар жуда оз. Боз устига, бир гуруҳда ўтирган абитуриентлар киришган. Бу нимадан далолат беради?
Хуллас, касални яширсанг — иситмаси ошкор қилади, деб қўйишган!
Қонунлар ҳурмат қилинадиган, ҳуқуқий-демократик давлатда, албатта, бу жуда катта шов-шув келтириб чиқарадиган, катта резонансли воқеа бўлади: мутасаддилар ОАВ орқали тушунтириш беради, шу нарсага йўл қўйган мутасаддилар қонунчиликка кўра жазога тортилади. Фақатгина коррупция ботқоғига ботган айрим давлатларда бу қинғирликни амалга оширганлар ҳимоя остига олиниб, бундай жирканч ҳолатни ошкор этган фуқаролар ва журналистлар таъқиб остига олинади. Аниқ ишонаманки, биз айнан биринчи турга мансуб, ҳуқуқий-демократик давлатмиз.
Ўқишга бу тахлит кирган абитуриентлар келажакда қандай мутахассис бўлиб етишиши, халқ хўжалиги, мамлакатимиз иқтисодиётига нечоғлик фойда келтирадиган кадрлар бўлиши ҳақидаги саволнинг жавоби аниқ, энди.
Келинг, хусусий ҳолни кўриб чиқайлик. Бундай махсус гуруҳлар тузиш йўли билан жами 75 нафар абитуриент қабул қилинган таълим йўналишларида текширувлар ўтказилса ва талабалар қинғир йўллар билан киргани маълум бўлса нима қилиш мумкин? Албатта, тест натижалари умуман бекор қилиниб, талабаларни ўқишга қабул қилмаслик керак. 75 нафар абитуриентнинг билимини текшириб кўриш жуда қийин иш эмас. Абитуриентларга тушган тест саволлари жавобларсиз бериб текшириб кўрилса — кифоя. Вазият ойдинлашади-қолади. Чунки ўқишга тайёрланиб, ўз кучи билан кирган абитуриент ўтган бир ой ичида олган билимларини унутиб қўйиши мумкин эмас.
Бу ердан коррупциянинг иси келмоқда. Фақат шу йўл билан пора берган ҳам, пора олган ҳам жазоланиши мумкин. Чунки тест натижалари бекор қилинса — олди-берди қилган одамларнинг ўзи «томоша»ни давом эттириб беришади... Пул жигардан яралган ахир!
Шуҳрат Шокиржонов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)