07:31 / 28.03.2018
6 467

Зангиотада ўқитувчи ва шифокорлар МИБ ходимлари билан уйма-уй юргани ҳақида

Зангиотада ўқитувчи ва шифокорлар МИБ ходимлари билан уйма-уй юргани ҳақида
Ҳисоблагичларни текшираётган МИБ ходими.
Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Зангиота туманидаги «Обод» маҳалласида яшайман. 26 март, душанба куни соат 9:00 атрофида нонушта қилаётган вақтимда маҳалламиз фаолларидан бўлган бир қўшнимиз эшикни тақиллатди. Маҳаллада Мажбурий ижро бюроси ходимлари газ ва электр ҳисоблагичлари кўрсаткичлари ва китобчаларини текшириб юрганини айтиб, китобчаларни олиб чиқишимни сўради.

Китобчаларни олиб чиққунимча МИБ ходими бўлган икки аёл уйимизга кириб келди. Кўчадаги электр ҳисоблагич кўрсаткичларини кўрсатишимни сўрашди. Бошқа қўшниларимиз уйларининг олдида ҳам кўрсаткичларни текшириб туришаётганди. Ходимлар уч гуруҳга бўлиниб, хонадонларни текшириб юришибди. Уч аёл ва кийими орқасида МИБ ёзуви туширилган бир йигитга кўзим тушди.

Бизнинг уйга келган ҳалиги икки аёл қоғозга уйимиз манзили, ҳисоблагичимиз рақами, ҳисоблагичдаги кўрсаткич, неча киловаттгача пул тўлаб қўйганимизни ёзиб олишни бошлашди. Текширув сабабига қизиқдим: «1 апрелдан газ ва электрга тўловлар ошаётгани муносабати билан текшириб юрибсизларми?»

Кўрсаткичларни ёзиб турган, ёшроқ аёл «Сабабини билмадик. Биз ўзи шифокор ва ўқитувчилармиз», деди. Бу гапи гўёки «Биз нима иш буюришса ҳам қилаверамиз, шунга мажбурмиз» дегандек эшитилди.

- Нима учун сизлар бу иш билан шуғулланяпсизлар?

- Ўтган шанбадан бери шу ишни қилиб уйма-уй юрибмиз.

Аёлнинг телефони жиринглай бошлади. Шеригига қараб гапира бошлади: «Бугун прививка (эмлаш) куни эди. Эрталабдан бери телефон қилиб ётишибди». Аёл телефонни кўтармади. Афтидан ёш болали оналар фарзандини эмлатиш учун поликлиникага олиб чиқиш учун ҳамшира (ёки шифокор) бўлган аёлга телефон қилишмоқда. Бу аёл эса болаларни эмлашдан кўра «муҳимроқ» ишлар билан банд.

Мен аввалига МИБ ходими деб ўйлаган аёллар уйимизга кириб, газ ҳисоблагичи кўрсаткичларини ёза бошлади. Қўшнимизнинг уйини текшираётган МИБ формасини кийиб олган йигит эшигимиздан мўралаб ёши каттароқ аёлга мурожаат қилди: «Хола, ручкангиз борми?»

Ёши каттароқ аёл афтидан ўқитувчи шекилли сумкасида бир талай ручка бор эди. Биттасини олиб берди. Ҳамшира МИБ ходимига: «Буларнинг исмлари фалонча» деб қўйди. Менимча, МИБ ходими аёлнинг исмини билмагани учун «хола» деб мурожаат қилган. Бугун бу ўқитувчию шифокорлар гуруҳи билан, эртага бошқа ўқитувчилар билан бирга хонадонларни кезгандан кейин уларнинг исмини билишнинг, эслаб қолишнинг нима кераги бор?

МИБ ходимлари вазифасини бажараётган аёл.
Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ишини бажараётган ўқитувчилар хонадонимиздан чиқиб кетди. Мен ихтиёрий-мажбурий меҳнат билан банд ўқитувчию шифокорлар ҳақидаги ўйларим билан қолдим. Яқиндагина Самарқандда Президент ташрифи арафасида катта кўчани тозалашга чиққан 23 ёшли ўқитувчи КамАЗ остида қолиб, ҳалок бўлганидан сўнг мажбурий меҳнат ҳақидаги мавзулар муҳокамалар марказига чиққанди. Президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов ҳодиса юзасидан чора кўрилишини айтган, Парламент депутати Қодир Жўраев мажбурий меҳнатни Олий Мажлис муҳокамасига киритишга ваъда берган, Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ўқитувчиларни тинч қўйишга чақирган эди. Ушбу гап-сўзлардан сўнг қандайдир ўзгаришлар бўлишига умид қилгандим. Афсуски, ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Раҳбарлар шифокор ва ўқитувчилар мажбурий меҳнат қилаётганини бир томондан рад этиб, иккинчи томондан ишлатаверади.

Қўшнимизнинг уйидаги кўрсаткичларни ёзиб чиқаётган бошқа бир аёлдан «Сиз ҳам ўқитувчи ёки шифокормисиз?» деб сўрадим. Ҳозир қилаётган ишларидан норозидек кўринган аёл «Ўқитувчи» деб ёнимдан ўтиб кетди.

Ўғлим 2 ёшдан ошди, 1—2 та эмлашларни олиши керак. Бир йилдан бери ололмаяпти. Аммо шифокорлар ўз жойида ўтирмаса, кўча тозаласа, металлолом йиғса, хонадонлардаги ҳисоблагичларни текшириб юрса, ўғлим неча ёшга кирганда эмлашлардан қутулар экан, ҳайронман.
Дилшод Шарипов

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зангиотада ўқитувчи ва шифокорлар МИБ ходимлари билан уйма-уй юргани ҳақида