Ғузорда йиллар давомида тазйиқ остида яшаган ўқитувчи аёл вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида йиллар давомида турмуш ўртоғининг тазйиқи ва зўравонлиги остида яшаб келган ўқитувчи аёл вафот этган. Ҳолат юзасидан суд эркакка 7 йил 6 ойлик қамоқ жазосини тайинлаган.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, аёл 2019 йилда 30 ёшли эркак билан қонуний никоҳдан ўтган. Оилада икки нафар вояга етмаган фарзанд бўлган.
Маълум бўлишича, аёл мактабда ўқитувчи, шунингдек, боғчада йўриқчи вазифасида ишлаб келган. Уй-рўзғор юмушларидан ортмаса-да, турмуш ўртоғи уни далада янтоқ чопишга ҳам мажбурлаган. Эркак мунтазам равишда хотинини калтаклаб, ҳақорат қилган ва унга тан жароҳатлари етказган.
Суд ҳужжатларига кўра, эркак хотини кредитга олган телефонини деворга уриб синдирган. Бунинг оқибатида аёл аттестация жараёнига тайёргарлик кўриш имкониятидан маҳрум бўлган.
Шунингдек, эркак хотинининг иш ҳақини унинг ихтиёрида қолдирмаган. Аёлнинг маоши унинг ўзи ва қайнонасининг пластик карталарига ўтказиб келинган. Тазйиқ ва чекловлар бир неча йил давом этган. Аёл ўзини бу ҳолатлардан ҳимоя қила олмаган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 2025 йил 26 октябрь куни соат тахминан 06:30 да аёл яшаш хонадонидаги автомобил сақлаш хонасида ўз жонига қасд қилган ва вафот этган. Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг ҳукми билан эркак айбдор деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.






























Изоҳлар 0
…