Тошкент шаҳрида арзон уй-жойлар нега қимматлади?

  • 20-08-2018, 23:20
  • 1 230
  • Жамият
  • Тошкент шаҳрида арзон уй-жойлар нега қимматлади?
    Депутат Расул Кушербаев Facebook’даги саҳифасида арзон уй-жойларнинг нархи ошиши сабаблари ҳақида фикр билдирди.

    Фото: Facebook /rasul.kusherbaev
    Унинг ёзишича, 2019 йили қуриладиган кўп қаватли уйлар жорий йилга нисбатан анча арзон бўлиши кутилмоқда.

    “Президент қарори доирасида Тошкент шаҳрида (бошқа ҳудудларда ҳам) аҳоли учун қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархлари кескин ошиб кетганлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраб Тошкент шаҳар ҳокими ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК директорига юборган депутатлик сўровининг якунлари ҳақида маълумот беришни айтиб ўтгандим”, - дея ёзади депутат.

    У сўровларнинг жавобидан келиб чиққан хулосаларни билдирган.

    “Бошдан айтиб қўяй: Тошкент шаҳар ҳокимига юборилган депутатлик сўрови натижаси ҳақида кўп тўхталмоқчи эмасман. Сабаби нарх-навони белгилаш масаласида ҳокимликнинг иштироки деярли йўқ бўлиб, устига-устак шаҳар ҳокимининг меҳнат жамоаси жавоб беришни ҳам “қалпоқ” қилиб қўйди. Жавоб кеч берилгани етмагандай матндан кўриниб турибдики, ҳокимликда қонуний белгиланган фуқаро мурожаати ва депутатлик сўровларининг фарқини ажрата олмаслик касали бор...Ўша-ўша “ҳаммом” хуллас.

    Шу боис, асосий хулосалар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси директори З.Нарзуллаевнинг батафсил тушунтиришларидан келиб чиқмоқда”, - дейди Р.Кушербаев.

    Демак З.Нарзуллаевга кўра, асосий қурилиш материаллари нархи жорий йилда, ўтган йилга нисбатан 185,5 фоизга ошган. Бунда асосан “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Қизилқумцемент” АЖ ҳамда ғишт етказиб берувчи корхоналар томонидан етказиб берилаётган маҳсулотларнинг нархи кескин ошириб юборилган бўлиб, агар улар томонидан маҳсулот нархлари пасайтирилса ўз-ўзидан қурилаётган “арзон” уй-жойларнинг нархи ҳам туширилиши таъкидланган.

    Хусусан, 2017 йилда цементнинг 1 тоннаси 135135,00 бўлган бўлса, 2018 йилда 305833,33 сўмга ёки ошиш коэффициенти 226,3 фоизга етган, 1 тонна металл 1901000,00 сўмдан 4595000,00 сўмга ёки ошиш коэффиценти 241,7 фоизга етган, оддий ғишт 1 донаси 430,00 сўмдан 880,00 сўмга ёки ошиш коэффициенти 204,7 фоизга етган ва ҳоказо. Ушбу сабаблар ҳамда валюта сиёсатини либераллаштириш натижасида импорт қилинадиган қурилиш материаллари ва анжомларнинг нархи ошиб кетгани уй-жой қурилиши нархларининг кўтарилишида асосий сабабларни келтириб чиқарган.

    Шундан келиб чиқиб, давлат экспертиза хулосасига кўра, кўп квартирали уй-жойларнинг 1 м. кв. нархи 3981,7 минг сўмни ташкил этиб бу 2017 йилга нисбатан расман нархлар 142,5 фоизга ошганлигини кўрсатмоқда.

    Эътиборли жиҳати, нархни пасайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида маълум бўлишича, 2018 йилда лойиҳа ҳужжатларини оптималлаштириш натижасида янги намунадаги лойиҳалар ишлаб чиқилган ва республиканинг айрим ҳудудларида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг нархи 3524,6 минг сўмни ташкил этмоқда. Ва хайриятки, 2019 йилда худди шу нархни сақлаб қолган ҳолда республиканинг барча ҳудудларида ушбу лойиҳалар бўйича қурилиш олиб бориш кўзда тутилмоқда экан. Бу дегани кейинги йили уйлар жорий йилга нисбатан анча арзон бўлади, деб ёзади депутат.

    Яна бир муҳим жиҳат: юқорида келтирилган амалдаги нарх, яъни уй-жойларнинг 1 м.кв. учун кўзда тутилаётган 3981,7 минг сўм якуний нарх эмас. Компания тасдиқлашича, бу нарх давлат экспертиза хулосаси асосида белгиланган. Уй-жойлар қурилиши битказилиб, уйни фуқарога сотиш кунига қадар ҳисобланган банк кредит фоизлари инобатга олинганидан сўнг аниқ нархлар маълум бўларкан. Бунда катта эҳтимол билан уйнинг ҳақиқий нархи экспертизадаги нархдан кўра арзон бўлиши эҳтимоли юқори.

    Бу дегани - ҳали умид бор бу йилги нархнинг ҳам реал харажат асосида пасайишига.

    “Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири А.Х.Тўхтаевга, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ раиси Б.К.Зариповга, “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Т.Т.Азаматовга қурилиш материаллари нархининг ошириб юборилганлиги юзасидан ҳам депутатлик сўровлари юборилди. Агар улар томонидан қурилиш маҳсулотлари нархини тушириш чоралари кўрилса қурилаётган уйлар нархи ҳам пасаяди. Булар ҳақида кейинчалик қўшимча маълум қиламан”, - деб ёзган депутат.

    » » Тошкент шаҳрида арзон уй-жойлар нега қимматлади?