Солиқ хизмати органларида янги тизим жорий этилади

  • 03 октябрь 2018, 11:25
  • 3 157
  • Жамият
  • Солиқ хизмати органларида янги тизим жорий этилади
    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Давлат солиқ қўмитасининг “Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

    Ҳужжат билан Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

    Низомга асосан солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизими давлат солиқ хизмати органларида амалиётга жорий этилган “Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти асосида тадбиркорлик субъектларини автоматик тарзда инсон омили аралашмаган ҳолда таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

    Дастурий маҳсулот хавфни таҳлил этиш тизимини давлат солиқ идораларидаги мавжуд ички ва Ўзбекистон Республикаси президентининг 2012 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1843-сон қарорига асосан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ташқи маълумотларга ҳамда веб сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан олинган ахборотларга асосан қуйидаги йўналишларда:

    а) тадбиркорлик субъектларининг шахсий карточкаларида солиқ қарздорлиги мавжудлигини;
    б) солиқ тўловчи юридик шахслар томонидан солиқ мажбуриятларини бажарилишида cолиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботларига мунтазам равишда қайта ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлигини;
    в) солиқ тўловчилар ҳисобот даври мобайнида дастлаб рўйхатга олинган юридик манзилини бир ҳудуддан бошқа бир ҳудудга мунтазам равишда ўзгартириб борилганлигини;
    г) тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларига тегишли бўлмаган тўлов терминаллари билан фойдаланилганлигини;
    д) жисмоний ва юридик шахслар томонидан айнан бир тадбиркорлик субъекти фаолияти тўғрисида келиб тушган мурожаатларни;
    е) бошқа йўналишларни таҳлил қилади ва ўрганиб чиқади.

    Дастурий маҳсулот Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган мезонларга асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўлиқ ўрганиб чиқади ҳамда якуний натижаларни баллик тизим орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолаб беради.

    Дастурий маҳсулот орқали баллик тизими таҳлили тадбиркорлик субъектлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси аниқланган камчиликлар суммаси ва ҳолатидан келиб чиқиб амалга оширилади.

    Давлат солиқ хизмати органлари томонидан дастурий маҳсулотдан шакллантирилган баллик тизими таҳлили чорак давомида бир маротаба ҳар чоракдан кейинги ойнинг 25 санасида ўтказилади. Банкдан ташқари йирик миқдордаги пул айланмаларни амалга оширган тадбиркорлик субъектларини доимий солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилиш муддати бундан мустасно.

    Аниқланган ҳолатлар юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига ташаббус билан мурожаат қилинади.

    Дастурий маҳсулот орқали баллик тизими таҳлили натижаларига кўра солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси уч тоифага туркумланади:

    а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;
    б) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
    в) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Солиқ хизмати органларида янги тизим жорий этилади