Энди туғилганлик ҳақида гувоҳнома «бир дарча» орқали берилади

  • 7-11-2018, 14:38
  • 977
  • Жамият
  • Энди туғилганлик ҳақида гувоҳнома «бир дарча» орқали берилади
    Туғилганлик ҳақида гувоҳномани «бир дарча» тамойили асосида олиш имкони яратилади. Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълум қилишича, ҳозир мазкур хизмат автоматлаштириш жараёнида бўлиб, пойтахтдаги Давлат хизматлари марказларида синовдан ўтказилмоқда.

    Хизмат кўрсатиш жараёнини модернизация қилишда, биринчи навбатда бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилиши ва тезкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Эндиликда янги туғилган чақалоқнинг ота-онаси ёки унинг васийси бола туғилганлик факти ҳақидаги маълумотни туғруқхонадан олиш учун, кейин бевосита ФҲДЁдан гувоҳномани олиш учун, сўнгра банкда тўловни амалга ошириш учун навбатда туриши шарт эмас.

    Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилиб, амалга оширилаётган лойиҳа, Давлат хизматлари марказлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлар базаларининг интеграциясини назарда тутмоқда. Бола туғилгандан сўнг, туғруқхона ёзувлари махсус тизимга киритилиб, улардан марказлар ходимлари онлайн режимда фойдалана олишлари мумкин бўлади.

    Туғилганлик ҳақида гувоҳномани олиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш лозим бўлади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, пластик карта бўлгани ҳолда «Click», «PayMe» ва бошқа тизимлар орқали онлайн-тўловни амалга ошириш имкони яратилиши режалаштирилмоқда. Бу тизимда коррупция ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.

    ДХА келгуси йилдан мазкур хизматни бутун мамлакат бўйлаб жорий этишни режалаштирган.

    Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бугунги кунда пойтахтдаги давлат хизматлари марказлари ходимлари гувоҳномаларни ёзма равишда тўлдиришдан аста-секинлик билан воз кечишяпти. Хўш, бу одамларга нимаси билан қулай?

    Авваллари ФҲДЁ органлари томонидан боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тўлдирганда хатоликка йўл қўйилса, уни ўзгартириш муаммо эди. Чунки гербли бланклар қатъий жавобгарлик ҳужжатлари бўлиб, ёзув киритилгандан сўнг уларни ўзгартириш мумкин эмасди. Компьютер ёрдамида тўлдирилганида эса, фуқаро ёзувларнинг тўғрилигини мониторда текшириб, ишонч ҳосил қилгандан кейингина қоғозда чоп этилади.

    2018 йилдан бошлаб фертиль (яъни, бола туғиши мумкин бўлган) ёшдаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар назоратни олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими билан интеграция қилиш режалаштирилган. Мазкур тизим туғилган болаларнинг қайд этилмасдан қолиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек боғчаларда келгусида яратиш зарур бўлган жойларни олдиндан режалаштиришга ёрдам беради.

    » » Энди туғилганлик ҳақида гувоҳнома «бир дарча» орқали берилади