17:00 / 02.12.2018
4 213

"Прописка муаммоси" сабаб чет элга кетиб қолаётган ватандошлар ҳақида

"Прописка муаммоси" сабаб чет элга кетиб қолаётган ватандошлар ҳақида
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти пропискаси ҳақидаги мақоласига Канадада истиқомат қилаётган юртдошимиз Фарҳод Файзуллаев муносабат билдирди.

«Ўзим Тошкентда туғилиб ўсганман, прописка мен учун ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Аммо бир яқин танишим ҳақида гапириб бермоқчиман», деб ёзади у.

2007—2014-йилларда бир дастурчи билан ишлаганман. Ўзи марҳаматлик, лекин бир неча йилдан бери Тошкентда муқим яшарди. Жуда кучли дастурчи эди, ойига бемалол 2000—3000 доллар топарди. Чилонзорда квартираси бор, аёли эса Тошкентда фаолият юритадиган ҳалқаро ташкилотлардан бирида ишларди. Қисқаси, муваффақиятли оила эди.

Табиийки, Тошкентда пропискаси йўқ эди. Шу сабабли ўз пешона тери билан ҳалол топган пулига олган квартирасини ўз номига расмийлаштира олмаган. Фарзандлари ҳам секин-аста катта бўлиб, уларни мактабга бериш муаммоси туғилди. Аммо прописка жонивор йўқ, бош эса қотган.

Фурсати келганда, сайёҳ сифатида неча ҳафтага Германияга бориб келди. Ўшандан кейин кетишга аҳд қилди. Юқорида айтувдим-а, кучли программист деб. Шунинг учун ҳам бир ойга қолмай иш топди ва уч ой ўтмай Германияга равона бўлди.

Яқинда гаплашдим — яхши ишлаб, яхши яшаб юрибди. Албатта, ватанини соғинаётгандир, аммо Ватан унинг бемалол ишлаб, яшашини унчалик ҳам хоҳламади.

Мен битта мисол келтирдим. Бунақа мисоллар сон мингта. Шу прописка муаммоси деб қанчадан-қанча ватандошларимиз чет элга кетиб қоляпти.

Хулоса ўзингиздан.

Канадада прописка йўқми? БОР!

Уни олиш жуда осон. Сиз рўйхатга қўйилган манзил ё ID-картангизда, ёки «права»нгизда ёзилган бўлади. Жуда кўп ташкилотлар манзилингизни сўрайди ва ўша ҳужжатлардан бирини кўрсатишингиз мумкин.

ID-карта олиш учун сиз ўша манзилда чиндан ҳам истиқомат қилаётганингизни исботлаб беришингиз керак. Исботлаш учун (шу жумладан) коммунал тўловлар квитанциясини кўрсатсангиз бас, ундаги манзилни ҳайдовчилик гувоҳномангизга тушириб беришади.

Коммунал хизматлар манзилингизни қаердан олади? Шунчаки телефон орқали айтасиз уларга, вассалом. Яъни, прописка учун коммунал хизматлар компаниясига телефон орқали айтган манзилингиз кифоя. Осонгина, — деб ўз ҳикоясини якунлаган Фарҳод Файзуллаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Прописка муаммоси" сабаб чет элга кетиб қолаётган ватандошлар ҳақида