09:19 / 15.02.2019
6 836

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун муҳим “топилма” (фото, видео)

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун муҳим “топилма” (фото, видео)
Ҳайвонларни боқиш соҳасидан сал бўлсада хабари бор киши бу сув ўсимлигининг таркибини эшитиб ҳайратда қолади. Аввало шуни айтиш керакки, қуритилган ҳолатда унинг таркибида табиий шароитда 30%, махсус шароитда етиштирилганда 45% (!)гача оқсил мавжуд бўлади. Алмаштирилмайдиган аминокислоталар (аргинин, лизин) миқдори бўйича эса бу ўсимлик маккажухоридан юқори туради. Бундан ташқари таркибида ёғлар, углеводлар, клетчатка, аспараг ва глютамин кислоталари, фитостеринлар, флавоноидлар, дитерпеноидлар, каротиноидлар, ароматик ва ёғ кислоталари, фосфолипидлар, азотли бирикмалар, тритерпен бирикмалар, ошловчи моддалар бор. Таркибида яна полисахаридлар, сулфолипидлар, муҳим микроэлементлардан бром, йод, фосфор, кальций, кремний, магний, мис, темир, цинк, марганец, кобальт, никель, титан, ванадий, радий, цирконий ва ҳатто олтин, витаминлардан В группаси, А, РР, Е мавжуд.

Танишинг – Кичик ряска (Lemna minor ) Araceae оиласига мансуб кўп йиллик юксак сув ўсимлиги бўлиб, сув юзасида сузиб ўсади. Lemna minor органик моддаларга бой ҳар қандай кўлмак сувларида ўсиб кўпаядиган, совуқ ва иссиқ ҳавога чидамли доривор сув ўсимлиги ҳисобланади. Lemna minor нинг барглари ва илдизчалари мавжуд бўлиб, асосан вегетатив йўл билан кўпаяди. Ўсимликнинг катталиги 5-6 мм ни ташкил этади. Ряска фотосинтез жараёнида кўп миқдорда кислород ажратиб чиқаради ва сув ҳавзаларини тозалашдаги роли ҳам юқори.

Адабиёт маълумотларида келтирилишича, ўтган асрнинг 70-йилларида ўтказилган тажрибалар натижасида Ўзбекистон шароитида бу ўсимлик бир гектар майдонда 260 тоннагача ҳосил бериши мумкинлиги кўрсатилган.

Ряскани етиштириш учун саёз кўлмаклар, бўш ётган кўллар, дарё ирмоқлари, сунъий ва табиий ҳовузлардан фойдаланса бўлади. Ҳосил ҳафтасига икки марта йиғиштирилиб олинади. Қуритиб олиб сақлаб қўйса бўлади. Сув устида қалин қатлам ҳосил қилади ва шу билан зараркунанда ўтларнинг ривожланишига йўл бермайди. Юқори биомасса олиш учун сувга минерал ёки маданий ўғитлар меъёрида ташлаб турилади. Шу билан бирга яхши натижага эришиш учун уни назорат қилиб туриш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш лозим. Бу ўсимликнинг оптимал ўсишини, юқори ҳосил беришини таъминлайди. Уни ҳўл ҳолида ҳам, қуритилган ҳолида ҳам ҳайвон, парранда ва балиқларга берса бўлади.

Қуйидаги видеолавҳада ряскани механизациялаштирилган етиштирувини кузатиш мумкин:

Оқар сув ряскани кўпайтириш учун ярамайди. Унинг табиий ўсиш жойлари – турган сувлар. Оқим тезлиги 0.1 см/сек.дан ошмаслиги керак. Кўлмакнинг чуқурлиги энг камида 20 см. Бўлиши лозим. Шу билан бирга сув тошиб кетмайдиган жой бўлиши керак, зеро унда сув билан қўшилиб ювилиб кетади.

Илмий адабиётларда ва интернет маълумотларида келтирилишича ряска халқ табобатида кўп йиллардан бери доривор ўсимлик сифатида бир қанча касалликларни даволашда фойдаланиб келинмоқда. Ряска яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида қўлланилади. Настойкаси оғиз бўшлиғи ва юкори нафас йўли касалликларини даволашда кенг фойдаланилади. Теридаги оқ доғларни (витилиго) йўқотишда, йирингли яраларни даволашда қўлланилади. Бундан ташқари қалқонсимон без касалликларини даволашда йодга бой ўсимлик сифатида ишлатилади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун муҳим “топилма” (фото, видео)