Самарқандда онасини рашк қилиб, танишига 35 марта пичоқ уриб ўлдирган йигит ҳақида (фото, видео)

  • 18 март 2019, 17:04
  • 6 820
  • Жамият
  • Самарқандда онасини рашк қилиб, танишига 35 марта пичоқ уриб ўлдирган йигит ҳақида (фото, видео)
    Фото: «Дарё»
    Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида судья Илҳом Ҳамдамов раислигида ўзидан 20 ёш катта танишига 35 марта пичоқ уриб ўлдирган Толиб Азимжоновнинг жиноят иши юзасидан суд иши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар бермоқда.

    Суд мажлисида аниқланишича, судланувчи 1999 йилда туғилган Толиб Азимжонов 2018 йилнинг ёз ойларида онаси Р.К.га тегишли телефондаги Telegram мессенжеридан Шуҳрат Расулов билан бўлган мулоқотдан хабар топиб, уларнинг кейинги суҳбатларини бир неча кунлар давомида кузатиб борган. Натижада Толиб Азимжонов онаси Р.К. ва Шуҳрат Расулов ўртасидаги муносабатдан нафрати ошиб, уни қасддан ўлдиришни режалаштириб келган.

    2018 йилнинг 14 октябрь куни Толиб Азимжонов суд томонидан тайинланган озодликдан чеклаш жазосини ўташ тартибини бузиб, кечки соат 22:00 дан сўнг Самарқанд шаҳридаги «Легранд» тунги клубига бориб, у ерда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Маст ҳолатда бўлган йигит 15 октябрь куни соат 04:00 атрофида Самарқанд шаҳридаги яшаш уйига қайтиб келган. У 1979 йилда туғилган Шуҳрат Расуловни олдиндан қасддан ўлдириш режасини амалга ошириш мақсадида уйининг ошхонасида турган ошхона пичоғини олиб, Расулов одатда бўладиган Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган савдо дўконига қараб йўл олган.

    Азимжонов соат 08:15 да Ш.Расулов ўтирган савдо дўконига кириб, у ерда Шуҳрат Расуловнинг бир ўзи бўлганлигидан фойдаланиб, дастлаб у билан автомобиль эҳтиёт қисмлари олишлиги тўғрисида суҳбатни бошлаган. Кейин Расуловга ўзининг уяли телефони орқали онасига тегишли бўлган телефон рақамини кўрсатиб, ушбу телефон рақами тегишли бўлган шахсни таниш-танимаслигини сўраган.

    Толиб Азимжонов Шуҳрат Расулов билан мулоқот вақтида кутилмаганда ўзи билан чўнтагида олиб келган ошхона пичоғини чиқариб, ушбу пичоқ билан унинг дастлаб қорин соҳасига, сўнг танасининг тўғри келган жойларига кетма-кет ўта шафқатсизлик билан 29 маротаба уриб тан жароҳатлари етказган. Шуҳрат Расулов унга фаол қаршилик кўрсатиб, ўзининг ҳаётини сақлаб қолиш учун «Эркин» савдо мажмуаси томонга қочган.

    Азимжонов ўзининг жиноий ниятини охирига етказиш мақсадида, Расуловнинг ортидан бориб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан яна Шуҳрат Расуловнинг танасининг турли соҳаларига кетма-кет 6 маротаба пичоқ урган.

    Азимжонов кўплаб тан жароҳатлар етказиш орқали Расуловни алоҳида қийноққа солиб, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

    Фото: «Дарё»
    Суд ҳукмига кўра, судланувчи Толиб Азимжонов Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2 қисми «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 5 мартдаги ҳукми билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосининг ўталмай қолган 4 йил 5 ой 9 куни, тайинланган жазосига қисман қўшиш йўли билан қатъий ўташ учун узил кесил 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    » » Самарқандда онасини рашк қилиб, танишига 35 марта пичоқ уриб ўлдирган йигит ҳақида (фото, видео)