Аҳрор Қўшматов: Кўрсатувнинг номи «Хафа бўлиш йўқ», лекин мен сизлардан қаттиқ хафа бўлдим

  • 03 июнь 2019, 00:05
  • 3 710
  • Жамият
  • Аҳрор Қўшматов: Кўрсатувнинг номи «Хафа бўлиш йўқ», лекин мен сизлардан қаттиқ хафа бўлдим
    Фото: ЎзА
    Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги «Zo‘r TV» телеканалидаги «Хафа бўлиш йўқ» кўрсатувининг шов-шувга сабаб бўлган сони ҳақида мақола эълон қилди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

    Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган «Zo‘r TV» телеканалининг «Хафа бўлиш йўқ» кўрсатуви 71-сонида уюштирилган видеода журналист Аҳрор Қўшматов чув тушибди. Видео остига фикр қолдираётганларнинг бирортаси кўрсатув ижодкорларни оқламаган, воқеани ҳазил деб қабул қилмаган.

    Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Баҳорой Очилова «Бу кўрсатувнинг нима кераги бор ўзи? Халқ эътиборидаги инсонларнинг устидан кулиш, улар учун қизиқарли бўлиб қолдими? Менинг назаримда санъаткорларнинг шахсий ҳаётини экранга олиб чиқиб, калака қилмаслик керак». Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Шавкат Маматқулов эса «Охирги пайтда ажойиб кўрсатувлар чиқяпти, кўрсанг энсанг қотади. Ҳар ким ўз савиясига яраша бирор нарса яратади-да. Лекин ўта савиясиз кўрсатувларнинг экранга чиқишига тўсиқ қўйиш керак», деб фикр қолдирган.

    Коляска етаклаб кетаётган аёл Аҳрор Қўшматовни кўриб қолди ва у билан суратга тушмоқчилигини айтди. Сўнг онасининг туғилган куни учун журналистдан табрик сўз ёзиб олишга киришди. Шу онда «тасодифан» коляска сувга йиқилиб кетди. Кутилмаган вазиятдан шошиб қолган журналист ўзини сувга отди. Минг афсуски, болани топа олмади. Она «боламни топиб бер» деб йиғлар, ўзини айбдор санаётган журналист қайта-қайта сувга шўнғирди. У билмайдики бу воқеа уюштирилган.

    Журналист воқеанинг сценарий асосида тайёрланганини билгач, кўнгли бироз таскин топди. Ўша дақиқаларда кўнглидан ўтганларини сўзлаб берди.

    – Бу кўрсатувнинг кўп сонларини кўрганман, ўзим ҳам мухлисман, – дейди Аҳрор Қўшматов. – Энг қалтис ҳазил шу бўлди, менимча. Биринчидан ёш бола... Мана ман деган одамнинг юраги орқага тортиб кетади. Бунақа вақтда адреналин ошиб кетаркан. Қандай қилиб сувга тушганимни билмайман. Хаёлимга келган биринчи фикр «нега онаси сувга тушмади?»

    Кейин яхшиям тушмади, у ҳам чўкиб кетарди, деб ўйладим. Сувнинг таги ўрама экан. Сувдан чиқиб, бошқа томонга югуриб бордим. Болани ўша ерда ушлайман дегандим. Ўзимнинг мазам қочиб қолди. Кўрсатувнинг номи «Хафа бўлиш йўқ», лекин мен сизлардан қаттиқ хафа бўлдим. Инфаркт бўлишимга озгина қолди. Бу томонини ҳам ҳисобга олиш керак эди.


    Кўрсатув бошловчилари нега бундай хавфли ва куракда турмас ҳазилни уюштирди?

    Кўрсатув сўнгида бошловчилардан бири Санжар Пардаев «Бу лавҳа билан Аҳрор Қўшматовнинг устидан кулмоқчи эмасдим. Аҳрор Қўшматовнинг қандай одам эканлигини билмоқчи эдим, ўзим учун» деб изоҳ берган. Эътибор беринг-а, у бир одамнинг кимлигини билиш учун шу саҳна кўринишини олдиндан режалаштирган. Ўзи учун бўлса, нега унда кенг оммага эълон қилди?

    Видеони кўриб, боласи сувда чўкиб вафот этган оналарни ўйладим. Ўзим ҳам бир аёлни биламан. Бир боласи сувда чўкиб вафот этган. Шундан буён бошқа болаларини сувга яқинлаштирмайди, ҳатто сузиш ҳавзасига ҳам юбормайди. Қўрқади. Кўрсатув ижодкорлари экран олдида юраги ярим ота-оналар борлигини ўйладимикин?

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    Қолдирилган фикрлар (1)

    1. Юсупов Абдурашит Тухтасинович 3 июня 2019 12:22
      Курсатув ижодкорлари уз хазилларини юртимизнинг номдор спортчиларига (якка кураш , бокс,самбо буйича че мпионларга ) хам куллаб куришса узларини шу лоихасидан тезрок хавфсаласи пир буларди менимча. ХАФА БУЛИШ ЙУК БУ ШАХСИЙ ФИКРИМ!
      0
    » » Аҳрор Қўшматов: Кўрсатувнинг номи «Хафа бўлиш йўқ», лекин мен сизлардан қаттиқ хафа бўлдим