17:35 / 18.07.2019
3 745

Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди
Бугун, 18 июль куни Халқ таълими вазирлигида Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларидаги Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилишда ўтказилган саралаш имтиҳонлари натижалари ва асосий босқич имтиҳонлари жараёнлари тўғрисида маълумот бериш мақсадида, Cambridge assessment ва Халқ таълими вазирлиги вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Маълумки, Cambridge Assessment International Education (Буюк Британия) ташкилоти 29 июндан 2 июлга қадар Президент мактабларига саралаш имтиҳонларини ўтказган эди.

Саралаш имтиҳонларида иштирок этиш учун 28 452 нафар номзодлар рўйхатдан ўтди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этишига рухсат берилди. 981 нафар ўқувчи ҳужжатдаги камчиликлари туфайли имтиҳон топширишга тавсия этилмади. Республиканинг 4 та ҳудудида, катта сиғимли иншоотларда ташкил этилган имтиҳонларда 27 119 нафар номзодлар қатнашди.

Cambridge Assessment International Education ташкилоти 16 июль куни саралаш босқичи натижаларини ўз веб-сайтида эълон қилди.

Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида талабгор ўқувчилар қуйидаги натижаларга эришишди (максимал балл - 96):


Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра бир хил балл тўплаш ҳолати юзага келганда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда, афзаллик имтиҳонда “С” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл йиққанларга, кейин эса “Б” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл тўплаганларга берилди. Номзодлар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган тақдирда, номзодларни туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ номзод афзал кўрилди.

Саралаш имтиҳони натижасига кўра, 11 520 нафар номзодлар 21-24 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида ташкил этиладиган Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Номзодлар имтиҳоннинг асосий босқичида талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда иштирок этади.

Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонлари Cambridge Assessment International Education ташкилоти вакиллари томонидан ташкил этилади.

Имтиҳон жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида саралаш босқичида бўлганидек, имтиҳон ўтадиган жойларда номзодларнинг ота-оналари ва яқинлари учун кузатув мониторларида онлайн трансляция олиб борилади.

Имтиҳонларнинг асосий босқичи ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича (16 та масала), мантиқ элементлари бўлган математика фанидан (24 та масала) ҳамда инглиз тили (55 та тест саволи) фанларидан иборат бўлади.

Ўқувчилар тўплаган балларнинг асосий қисми (80 фоизи)ни танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғишлари мумкин. Балларнинг фақат 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, уларнинг Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқорилигича қолади. Номзодлар истагига кўра, ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

Юқори синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти қарийб 40 фоиздан зиёд бўлиши кутилмоқда. Сабаби улар келгусида хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлишлари зарур. Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топширилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди