18:41 / 11.10.2019
4 850

Деҳқонободда «Ласетти» автомобили «Камаз»ни ағдариб юборди

Деҳқонободда «Ласетти» автомобили «Камаз»ни ағдариб юборди
11 октябрь куни соат 4:00 атрофида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида М-39 «Олмаота—Тошкент—Термиз» йўлининг Гумбулоқ қишлоғи ҳудудидан ўтган 1262-километрида «Камаз» юк машинаси ва «Ласетти» автомобили иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ оқибатида 3 киши ҳалок бўлган ва 1 киши шифохонага жойлаштирилган.

«2019 йил 11 октябрь куни соат 04:00ларда Деҳқонобод тумани Гумбулоқ қишлоғи худудидан ўтган «М-39» рақамли «Олмаота-Тошкент-Термиз» йўналишидаги халқаро автомобил йўлининг 1262-км.да «Ласетти» русумли 75 R 488 НА давлат белгили автомашина Термиз шаҳри томондан ҳаракатланиб келиб, қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган «Камаз» русумли 75 Т 303 НA давлат рақам белгили юк автомашинаси билан тўқнашиб кетиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Натижада уч нафар шахс ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган. Бир нафар шахс эса турли даражадаги тан жароҳати олиб, туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Фото: Telegram / @kashuvd
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳодиса юзасидан маълумот берди ва ушбу ЙТҲ 4 кишининг ўлимига сабаб бўлганини маълум қилди.

«11 октябрь куни соат 04:00лар атрофида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Гумбулоқ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Олмаота – Тошкент – Термиз» йўналишидаги халқаро автомобил йўлининг 1262-километрида «Ласетти» ва «Камаз» русумли автомашиналар тўқнашуви натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Автоҳалокат оқибатида жами 5 нафар фуқародан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Бир нафари, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани «Ҳурлик» маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган Х.Б. Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Беморга «Ўнг билак суягининг типик кисмидан ёпиқ синиши» ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокорлар унга даво муолажаларини кўрсатмоқда.

Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Деҳқонободда «Ласетти» автомобили «Камаз»ни ағдариб юборди