19:12 / 05.12.2019
3 353

Тошкентда ноширлик-матбаа коллежининг янгиланган биноси тантанали равишда очилди

Тошкентда ноширлик-матбаа коллежининг янгиланган биноси тантанали равишда очилди
Бугун, 5 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ноширлик матбаа соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш коллежининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

540 нафар ўқувчига мўлжалланган муассаса биноси қисқа вақт ичида тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Халқаро таълим стадартларига мос шарт-шароитлар, дарсхоналар ва ўқув лабораториялари яратилиб, таълим маскани замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди.

Билим даргоҳида соҳага оид китоб ва электрон дарсликлар фондига эга катта ахборот-ресурс маркази, компьютер ва ўқув-амалиёт хоналари, кичик босмахоналар, барча шароитларга эга спорт зали ўқувчиларга хизмат кўрсатади.

«Республикада ягона ҳисобланган ушбу коллежни қайта таъмирлаш жараёнида нафақат унинг кўриниши, дизайни ва шароити, балки бутун ўқув режалари, услубий қўлланмалари, методикасини ҳам ишчи гуруҳи тузган ҳолда қайта ўрганиб чиқмоқдамиз. Ҳозирда полиграфия соҳасини ривожлантириш бўйича катта йўл харитамиз бор», деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов.

Беш йўналиш - «Матбаа ишлаб чиқариш техник-технологи», «Дастурий инжиниринг техниги», «Кенг ассортиментдаги кийимлар конструктори», «Ахборот ресурс маркази кутубхоначиси», «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» бўйича мутахассислар тайёрловчи коллежда Ўзбекистон ва Марказий Осиё матбаа-ноширлик соҳасининг тарихи ва бугунидан ҳикоя қиладиган «Матбаа тарихи» музейи ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, тадбирда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, муассаса ўқувчиларига улкан зафарлар тилади.

«Менинг дўстларим. Сизларга энг юқори марраларга эришишларингизни тилайман. Келажагингиз учун барча эшиклар очиқ. Сизлар учун ҳозир энг зўр вақт. Тўғри эшикларни очинг ва энг зўр эшикларни танланг. Тақдирингиз ўз қўлингизда. Ўз мақсадларингизга эришишингизга ишонамиз ва ютуқларингиздан ҳамиша қувонамиз», деди Саида Мирзиёева ўз нутқида.

Маросимда таъкидланишича, эндиликда «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ўқув муассасасининг ҳамкор ташкилотлари этиб белгиланди. Коллеж ўқувчилари олган назарий билимларини ушбу ташкилотларда амалий машғулотлар билан янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.




Маълумот учун, мазкур таълим маскани 1970 йил Тошкент матбаа техникуми номи билан фаолият бошлаган. Ўрта махсус таълим марказининг 2004 йил 27 январдаги 16-сонли буйруғига асосан, техникумга «Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи» мақоми берилган.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ, коллеж Ноширлик матбаа соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш коллежига ўзгартирилди ва Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига тасарруфига ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда ноширлик-матбаа коллежининг янгиланган биноси тантанали равишда очилди