17:06 / 07.12.2019
2 113

Содиқ Сафоев: «Янги мақсадларга эски тизим билан эришиб бўлмайди»

Содиқ Сафоев: «Янги мақсадларга эски тизим билан эришиб бўлмайди»
6 декабрь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва парламент сайловлари» мавзусида медиа анжуман бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг Англия пойтахтидан хабар беришича, анжуманда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори ва парламент депутати Элдор Туляков, Буюк Британиянинг Европа ва Америка минтақалари бўйича собиқ вазири сэр Алан Дункан спикер сифатида қатнашди.

Спикерлар бўлажак сайловларнинг аҳамияти ҳақида тўхталгач, британиялик сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

«Ўзбекистон парламенти ҳукуматни танқид қилаётгани ҳақида бир неча марта гапириб ўтдингиз. Ҳукумат айнан қандай сабаблар туфайли танқид остига олинаётганини ҳам айта оласизми?» дея берилган саволга сенатор Содиқ Сафоев жавоб берди.

«Бошқалар ҳақида гапирмоқчи эмасман, ўзим ўтган ҳафта парламентда нутқ сўзлагандим. Унда, қисқа қилиб айтганда, ҳукумат концептуал нуқтайи назарга эга эмаслигини таъкидладим. Улар ҳар куни 20 соатлаб ишлашяпти, лекин бу ҳаракатларнинг замирида узоқ муддатли стратегия йўқ. Улар ҳалигача ҳукумат тизимини замонавий жамият талабларига мос қилиб ўзгартира олишгани йўқ.

Мен аввало шуни айтдимки, янги сиёсат, янги мақсадларни эски тизим билан ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди. Тизимни ўзгартириш керак.

Мисол учун, нега биз ҳали ҳамон ҳақиқий хусусийлаштиришни амалга ошира олмаяпмиз? Нега банк тизимимизнинг 84 фоизи давлатга тегишли бўлиб қолмоқда? Нега монополиялар бунча кўп? Йирик корхоналарни хусусийлаштириш масаласи нима бўляпти?

Бундан ташқари, ҳукуматни фискал марказлаштирилган тизимдан чиқариш яхши ишламаётганини ҳам савол остига қўйдим. Улар маҳаллий ҳокимликларни кўпроқ солиқ йиғиш учун рағбатлантиришяпти, лекин шу билан бир пайтда ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетни идора қилишдаги мустақиллигига тўсиқ бўладиган у ёки бу дастурларни ҳам жорий этишяпти.

Хуллас, шу ва бошқа масалаларга тўхталиб ўтдим. Бу биринчи мартаси эмас. Ундан аввалги нутқим маҳаллий ва хорижлик инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган эди. Бунинг ҳаммасини айтиб ўтирмоқчи эмасман, муҳими – бу масалалар нафақат парламентда, балки ундан ташқарида ҳам очиқ-ойдин муҳокама этилаётгани.

Шундай экан, менга ишонинг, танқидлар бўляпти ва мени хурсанд қилаётгани – ҳукумат бу танқидларга реакция билдирмоқда. Парламентда бирор қарор қабул қилинса ёки тавсия берилса, улар юзасидан иш олиб борилмоқда. Биз аввал қабул қилган қарорларимиз ижроси қай аҳволда эканини ҳам кузатиб боряпмиз», – деди Сафоев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Содиқ Сафоев: «Янги мақсадларга эски тизим билан эришиб бўлмайди»