00:19 / 18.02.2020
5 205

Саида Мирзиёева: Аёллар ҳуқуқини таъминламай туриб, инсон ҳуқуқларини тўла қарор топтириб бўлмайди (фото, видео)

Саида Мирзиёева: Аёллар ҳуқуқини таъминламай туриб, инсон ҳуқуқларини тўла қарор топтириб бўлмайди (фото, видео)
Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева 17-18 февраль кунлари Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон аёллар форумида иштирок этди.

Форумнинг дастлабки кунида сўзга чиққан Мирзиёева нутқини якунлагач, мавзу юзасидан анжуман мезбонларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

– Фикрингизча, нега гендер тенглиги Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим?
– Ўзбекистоннинг янги стратегиясида инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим жиҳатлардан биридир, бунга эса хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминламасдан эришиб бўлмайди.

Аёллар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига катта ҳисса қўшган, лекин уларнинг меҳнати доим ҳам муносиб баҳоланмаган. Шу боис, бугун президентимизнинг хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ўзгартиришга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимиздаги гендер вазият ўзгарди.

Гендер мутаносиблиги аёлларнинг қарор қабул қилишдаги ролини оширади, натижада мамлакат ижтимоий муаммоларни янада самарали ҳал қила олади, чунки аёллар ижтимоий масалаларга кўпроқ таъсирчан.

– Ўзбекистон гендер тенглиги масалалари бўйича комиссияси фаолиятининг ғояси ва ваколатлари ҳақида кўпроқ сўзлаб берсангиз.
– Биз Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш учун қонунчилик базасини яратдик, бу осон кечмади. Бу қонунларни амалиётга татбиқ этиш бундан ҳам мураккаб бўлишини англаймиз. Шунинг учун комиссиянинг бош вазифаси – гендер сиёсатини ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жорий қилиш. Биз гендер тенглиги барча давлат ташкилотларида рўёбга чиқарилишини кузатамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, комиссия жисмоний ва юридик шахслар томонидан гендер аломати бўйича камситиш билан боғлиқ шикоятларни ҳал қилишда юридик ёрдам кўрсатади. Комиссия одамларга гендер тенглик масалаларини тушунтириш ва уларнинг гендер масаласига дахлдорлик ҳиссини ошириш учун ҳам масъул.

– Ажойиб. Демак, хотин-қизлар мавқейини яхшилаш бўйича ишларни қайси йўналишда кучайтириш, сизнинг фикрингизча, бу борада қандай биринчи галдаги чораларни кўриш лозимлиги ҳақида бироз батафсил тўхталсангиз. Устувор мақсадларингиз қандай?
– Биринчидан, хотин-қизларни қонун чиқарувчи ҳокимиятга жалб этиш билан боғлиқ қатор ютуқларимиз бор. Парламентда хотин-қизлар сони 32 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон Сенати раиси ҳам шулар жумласидан.

– Айтганча, мен у (Танзила Норбоева – таҳр.) билан учрашганман.
– Ҳа. У Гендер масалалари бўйича комиссияга ҳам раҳбарлик қилмоқда. Бизнинг навбатдаги муҳим мақсадимиз – ижро этувчи ҳокимият органларида аёллар сонини кўпайтириш. Бу аёл вазирлар, аёл ҳокимлар, компаниялар директорлар кенгашининг аёл аъзолари сонини ошириш дегани.

Ва мен шуни айтишим керакки, бу йўналишда ҳам муваффақиятга эришдик. Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбар лавозимларга тайинланди.

Ниҳоят, мен оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакили сифатида ОАВда гендер тенгликни илгари суриш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятидаман. Шунингдек, одамлар аёлларга ва уларнинг жамиятдаги ролига нисабатан муносабатини ўзгартиришлари учун ўзимнинг шахсий масъулиятимни кўраман.

– Суҳбатимиз якунигача кам вақт қолганини ҳисобга олиб, яна бир аҳамиятли саволга ўтмоқчиман: Ўзбекистонда гендер тенглиги келажагига қандай қарайсиз? Ва, рухсат берсангиз, бу ерда барчангиз – ишлаётган оналарсиз.
– Ҳа.

– Бундай мувозанатга қандай эришиш мумкин?
– Мен аёлларимизнинг келажагига жуда оптимистик назар билан қарайман, чунки биз яхши ҳуқуқий база яратиш ва барча учун асосий таълимни таъминлашга қаратилган энг мураккаб ишни қилиб бўлдик. Бизда таълим, спорт ва бошқа соҳаларда муваффақият эришган аёллар кўп.

Мен бу ерда бўлишдан, бутун дунёдан келган шунча машҳур аёлларни кўришдан жуда мамнунман. Мен мамлакатларимиз келажагига, хотин-қизлар келажагига, уларнинг таъсири, ролини кучайтириш ва қимматли хизматларини эътироф этиш борасида қилинаётган ишларга қатъий ишонаман.

Бутун жаҳон аёллари таъсир кучига эга. Ўзбекистон аёллари ҳам ушбу таъсир давом этишига қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

– Катта раҳмат сизга, хоним.

Чапдан ўнгга: Дубай Аёллар ташкилоти раиси Мона Ал Марри, Буюк Британия собиқ бош вазири Тереза Мэй, АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси Иванка Трамп, Дубай маданият ва санъат бошқармаси раиси шайх Латифа бинт Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева


Форумнинг илк кунида тантанали кечки овқат ташкил этилди. Суратда ўнгда – АҚШ Давлат депертаментининг Бутунжаҳон аёллар масалалари бўйича бўлими раҳбари Келли Карри

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саида Мирзиёева: Аёллар ҳуқуқини таъминламай туриб, инсон ҳуқуқларини тўла қарор топтириб бўлмайди (фото, видео)