17:55 / 26.02.2020
9 549

Гулнора Каримова озодлиги эвазига катта пул таклиф қилди

Гулнора Каримова озодлиги эвазига катта пул таклиф қилди
Фото: fb.com/pg/iman.k17
Ўзбекистон Биринчи Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Президент Шавкат Мирзиёевга хат билан мурожаат қилди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz». Хабар беришларича, хат матни Каримова хонимнинг қизи Имон томонидан унинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилинган.

Гулнора Каримова ўз хатида жиноий ишлар билан таъқиб қилиш тўхтатилиши эвазига Швейцарияда музлатиб қўйилган 686 миллион доллар миқдоридаги маблағга даъводан воз кечишга тайёрлигини билдирган.

«Оила ва саломатликни сақлаб қолиш учун, тўғри шароитларда, оиламиз ихтиёрида қолган ягона ва Швейцарияда музлатиб қўйилган 686 миллион доллар миқдоридаги пул маблағларига бўлган ҳар қандай даъводан, «ишни ёпишнинг соддалаштирилган жараёни», яъни, очиқ судсиз, давлат фойдасига тақдим этиш орқали воз кечишга тайёрман», — дейилади мактубда.

Гулнора Каримованинг таъкидлашича, у 131 миллион доллар миқдоридаги маблағга бўлган протестни қайтариб олиб, бу ишни қисман бажариб бўлган — бу пуллар Швейцария прокуратураси қарорига мувофиқ Ўзбекистонга қайтарилиши керак.

«Олий суд, жараён бошланганига қарамай, ҳар қандай мурожаатни шунчаки рад этмоқда, боз устига шу вақтга қадар менга нисбатан чиқарилган суд қарорлари менга тақдим этилмади ва мен ҳеч қачон уларни танишиб чиқиб имзоламаганман», — дейилади хатда.

Каримованинг фикрича, унга нисбатан жазо муддатлари, хусусан, уй қамоғи даври ўтаб бўлинган. «Ҳатто қамоқ ва колонияда ўтказилган муддатни кўриб чиққанда ҳам, инсонпарварлик ҳужжатлари (2013 ва 2016 йилги амнистиялар)ни қўлламаганда ҳам, бир неча ойлик жазо муддати қолган, холос», — дейилади хатда. Муаллифнинг қайд этишича, у 2014 йил февраль ойида қўлга олинган.

Гулнора Каримованинг фикрича, «ушбу масалага тўғри ёндашилса, бундан давлат ҳам ютиши мумкин ва етарли даражада катта маблағларлар гуманитар лойиҳалар (тиббиёт, таълим ва бошқалар)га йўналтирилиши мумкин».

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йил июлида Гулнора Каримовага 2015 йил августида беш йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланганини маълум қилган эди. Ўша вақтда унга нисбатан бошқа жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётган эди. Икки жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар 3,7 триллион сўмга баҳоланган эди.

Гулнора Каримова 2019 йил мартидан бери Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий тартибдаги 21-сон колонияда сақланмоқда. Унга нисбатан яна бир неча жиноят ишлари очилган, жумладан, у талон-торож қилиш ва давлатга зарар етказишда айбланмоқда.

2019 йил охирида Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 1,3 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги даромадларини қайтариш масаласида АҚШ, Швейцария, Франция, Россия ва Латвия билан биргаликда иш олиб бораётганини маълум қилган эди; алоҳида мамлакатларда ушбу маблағлар бўйича ҳам жиноят ишлари очилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулнора Каримова озодлиги эвазига катта пул таклиф қилди