14:04 / 29.02.2020
3 712

Танзила Норбоева: Вазирларни чақириб, қаттиқроқ бир «разбор» қилинглар

Танзила Норбоева: Вазирларни чақириб, қаттиқроқ бир «разбор» қилинглар
Олий Мажлиси Сенатининг 28 февраль куни ўтказилган иккинчи ялпи мажлисига Соғлиқни сақлаш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан бирорта ҳам вакил келмаган. Сенат раиси Танзила Норбоева бу ҳолатга ўз муносабатини билдираркан ҳукумат вакилларига юзланиб, Вазирлар Маҳкамаси бундан буён вазирларни чақириб, қаттиқроқ «разбор» қилиши кераклигини таъкидлади.

- "Соғлиқни сақлаш вазири мажлисга яна келмабди. Уни ҳам чақиринглар тушунтириш берсин. Иккинчи маротаба. Соғлиқни сақлаш вазирига бизни хатимиз бўйича жазо берилган. Нима ушбу масалалар уларга тааллуқли эмасми? Мана ҳозир айтилган ижтимоий ходим масаласи соғлиқни сақлаш тизимига тегишли. Нима учун шу масалаларни кўтариб чиқмайди ҳукуматнинг олдига? Шуларнинг тизимини ‘ставка’сини кўпайтириш керак ёки ижтимоий ходим давлатимизда етишмаяпти, олий таълим муассасалари квотасини оширсин. Ёки психологларни кўпайтирайлик. Нима учун шу масалаларни кўтариб чиқмаяпти вазирликлар?

Уларни тартибга чақирадиган департамент борми? Бор-ку, тўғрими? ‘Куратор’лар бор, ўзим қанча ишлаганман шу масалаларда. Ҳозир бу йўналишда бош вазир ўринбосари йўқ. Лекин департамент бунга қаттиқроқ киришиши керак. Вазирларни чақириб, қаттиқроқ бир ‘разбор’ қилинглар бундан кейин. Бўлмайди бунақада парламент сўровига бундай муносабат. Номига юзаки хат, шунчаки маълумотнома қилиб киритиб юбординглар. Ундан кейин бу маълумотномани қайтариб юбордик, кейин яна тўғрилаб бердинглар. Тўғрилаганда ҳам шунча саволлар бор.

Ҳеч қанақа иш қилинмаган. Шунинг учун ҳозир бу қарорни асос учун қабул қиламиз, лекин бу масалани ҳеч қачон назоратдан олмаймиз. Охиригача етказмагунча қўймаймиз. Бориб, керак бўлса, бош вазирга ҳам айтаман. Бу масала билан мутлақо шуғулланмаяпсизлар", - дейди Танзила Норбоева.

2019 йил 24 декабрда Сенат раиси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга «салом» йўллаган, «Одам ўлса ўлиб ётибди, заҳарланса заҳарлансин, камқон болалар туғилаверсин. Бу билан соғлиқни сақлаш вазирининг иши йўқ», дея тизимдаги муаммони танқид қилганди. Бир кун ўтгач Алишер Шодмонов Норбоеванинг «салом»ига жавоб йўллаб, Сенат мажлисига таклиф қилинмагани учун бормаганини айтган. 31 декабрда ҳукумат соғлиқни сақлаш вазирининг Сенат кенгаши кенгайтирилган мажлисда иштирок этмаганлиги ҳолатини ўрганиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилишини маълум қилган.

28 февраль куни бошланган Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида тўйларни ихчам ўтказиш ҳақидаги янги қонун коррупциянинг ортишига олиб келмаслиги муҳокама қилинган, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг маъқулланган ҳамда Сенат томонидан Олий суд судьялигига икки нафар номзод тасдиқланган. Ялпи мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистондаги камбағаллик ҳолати юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Самарқанд вилояти ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимов «Меҳрибонлик» уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида гапириб, етимларнинг «бомж»га айланиб, кимларнингдир «қурол»и бўлиб қолаятгани ачинарли ҳолат эканлигини қайд этган. Ялпи мажлисда бундай болаларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат оилавий муассасаларга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги таъкидланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Танзила Норбоева: Вазирларни чақириб, қаттиқроқ бир «разбор» қилинглар