18:08 / 20.03.2020
4 664

Коронавирусга қарши курашаётган ўзбек шифокорлари

Коронавирусга қарши курашаётган ўзбек шифокорлари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида коронавирусга чалинган беморларга тун-у кун хизмат кўрсатаётганлар — Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош врачи, тиббиёт фанлари доктори, Муҳайё Асилова (марказда) ва унинг аҳил жамоаси суратини эълон қилди.

«Азалдан халқимиз томонидан инсонларга шифо улашгувчилар қадрланиб келинган. Негаки, саломатлик энг қутлуғ неъматдир. Ана шу улуғ неъматни асрашдек шарафли касбни танлаган шифокорларимизнинг зиммасида катта масъулият бор. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонликдир.

Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқаси қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Айни вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясига чалинган ёки гумон қилинганларга биринчи бўлиб, тиббиёт ходимлари рўбарў келишади. Ўз касбига содиқ қолган ҳолда, беморларни тиббий кузатувга олишиб, зудлик билан даволаш чораларини кўришмоқда.

Мана шундай фидойилик ва қаҳрамонликка дунё халқлари қатори, ватандошларимиз ҳам гувоҳ бўлишмоқда ва эътироф этишмоқда. Кечадан буён шифокорларимиз томонидан уюштирилаётган «Мен сиз учун ишда қолдим, сиз мен учун уйда қолинг!» челленжи аҳолининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлди. Ушбу челленжга кўплаб муносабатлар билдирилмоқда.

Жумладан: «Аслида ҳар ким ҳам шифокор бўлолмайди, ҳар ким ҳам мана шундай мураккаб вазиятда садоқатини намоён қилолмайди. Лекин хонадонидан энг масъулиятли нуқта томон йўл олаётганида, уни минг хавотир билан кузатиб қўяётган рафиқасига, турмуш ўртоғига, меҳрибон онаси, отаси, кўзлари мўлтираб турган ўғли ё қизига: «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади...», дея кулиб таскин берган, иш жойида мижжа қоқмай хизмат қилаётган шу шифокорлар чин фидойи инсонлардир. Улар ҳақиқий қаҳрамонлардир» каби илиқ муносабатлар шифокорларнинг фаолиятига ҳақиқий баҳодир.

Шу ўринда аҳоли томонидан билдирилаётган эътирофлар тиббиёт ходимлари учун улкан мукофотдир. Бундан ташқари, саховатпеша инсонлар томонидан аҳоли ўртасида гигиена воситаларининг хайрия сифатида улашилаётгани, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишига қарши матонат билан курашаётган жонкуяр тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари билан чиқаётгани қувонарлидир. Бу азалдан юртга кулфат келганда халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб, бирлашишга қодир эканининг яна бир ёрқин далилидир.

Энг муҳими, шифокорларимизнинг тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда, имкон қадар кўчага чиқмасдан гигиена қоидаларига амал қилсангиз тиббиёт ходимларига энг катта кўмакни берган бўласиз. Бирдамлигимиз эса дунёни ларза солаётган офат устидан ғолиб бўлишимизда ҳал қилувчи рол ўйнаши шубҳасиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирусга қарши курашаётган ўзбек шифокорлари