12:00 / 27.03.2020
3 192

Ташкил этилган карантин постларида бўйсунмас ҳайдовчилар учрамоқда

Ташкил этилган карантин постларида бўйсунмас ҳайдовчилар учрамоқда
Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати
Дунёни ташвишга солаётган, одамларни бир бирига нисбатан меҳрли бўлишга ундаётган ҳозирги вазият баъзи бир одамларга чивин чаққанчалик ҳам таъсир кўрсатмаётганлиги, уларни кибрдан, манманликдан қайтармаётгани ғоятда ачинарли, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, касаллик сабаб кўп жойларда карантин масканлари ташкил этилди. Кун-у тун фаолият олиб бораётган бу масканларда ходимлар ўз вазифаларини бажариб, карантин бўйича ҳукумат қарори ижросини таъминламоқда. Аммо, қонун ва қоидаларга нисбатан бепарво бўлган айрим ҳайдовчилар ЙПХ инспекторларини фаолиятига қаршилик кўрсатиб, ўзларини салбий томондан кўрсатишмоқда.

Ҳайдовчи, 1995 йилда туғилган, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Б.М. ўзининг “Матиз" русумли транспорт воситасида “Тошкент-Чирчиқ-Чимён” автомобиль йўлининг 1-километрида ташкил этилган масканда кўпчилик қатори, навбати билан ўтиш ўрнига, йўлнинг қарама қарши томонига чиқиб, орқага ҳаракатланиб кела бошлаган.

ЙПХ инспектори бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида ҳуштак чалиб, жезл билан ишора бериб, уни тартибга чақиришга ва тўхтатишга ҳаракат қилган. Лекин ҳайдовчи тўхташ ўрнига машинасини инспекторнинг устига ҳайдаб, ЙПХ инспекторини туртиб юборган.

Кўрилган чора тадбирлар натижасида “Матиз” ҳайдовчиси тўхтатилди. ЙПХ инспекторига ҳеч қандай шикаст етмади.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига биноан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди.

“Ҳурматли ҳаракат иштирокчилари! Ўтказилаётган бу тадбирлар вақтинчалик эканлигини, у касалликка қарши кураш доирасида амалга оширилаётганлигини унутманг. ЙПХ ходими сизга тўхташ ҳақида ишора бердими, уни сўзсиз бажаринг. Чунки, масканлар ўз ўзидан ташкил этилгани йўқ. У кўпчилик манфаатини кўзлаб, сиз-у бизнинг хавфсизлигимиз учун ташкил этилган. Бу кўпга келган синов. Синовдан қандай ўтиш эса ҳар биримизга, бизнинг одобимизга, маданиятимизга ва хатти-ҳаракатимизга боғлиқ”, - дейилади маълумотда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ташкил этилган карантин постларида бўйсунмас ҳайдовчилар учрамоқда