07:39 / 18.04.2020
2 484

Коронавирусни енгдингизми? Энди қолганларга ёрдам беришингиз мумкин

Коронавирусни енгдингизми? Энди қолганларга ёрдам беришингиз мумкин
Фото: Getty Images
Дунёда коронавирус юқтирганлар сони 2,2 миллиондан ошди, касаллик 152 мингдан кўпроқ одамни ҳаётдан олиб кетган бўлса, 567 мингдан кўпроқ одам тузалди. Касалликка чалинмаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақида ҳар куни эълон қилинмоқда. Тузалганларчи, улар нима қилиши керак?

«The New York Times» журналисти Тим Эррера ҳам коронавирусни енгганлардан. У ўзи каби оғир дардни енгиб ўтганлар учун тавсиялар билан ўртоқлашди.

Барчамиз тушунарсиз ва чигал ҳолатда имконсиз бўлиб турибмиз. Бу қийин дамда нимадир қилиб одамларга ёрдам беришни хоҳлаймиз, аммо ҳозир биздан талаб қилинадиган ягона ёрдам – уйда қолиш. Коронавирусдан тузалганлар эса нима қилиши керак?

Мен ҳам вирусдан тузалганларданман. Унутмаслик керакки, коронавирусдан тузалган одамда бу касаликка қарши иммунитет пайдо бўлиб, уни бошқалар каби оддий ҳолларда юқтирмаса ҳам, эҳтиёткорликни давом эттириш керак. Чунки сиз вирус бор юзага тегиниб, кейин вирус ёпишган қўлингиз билан оғзингизни ушлаш орқали уни яна юқтириб олишингиз мумкин. Бир марта тузалган одамда вирусга қарши иммунитет пайдо бўлиши эса ҳозирча исботланмаган (маълумот учун, Жанубий Кореяда 100га яқин одам вирусни қайтадан юқтириб олди - тарж).

Касалликни енггач, қилишингиз мумкин бўлган энг яхши иш гигиена қоидаларига амал қилишни давом эттириш. Ишонинг, сиз касалхонадан чиққандан кейин ҳам гигиенага инстиктив тарзда амал қиласиз. Шуни унутмаслик керакки, коронавирус барчанинг эътиборини ўзига тортаётган бир вақтда бошқа вируслар, масалан грипп ҳам тарқалишда давом этмоқда. Гигиена сизни бошқа вируслардан ҳам асрайди. Коронавирусни енгиб ўтган бўлсангиз, қуйидагиларга амал қилиб ҳам ўзингизга, ҳам бошқаларга ёрдам беришингиз мумкин.

Тузалганингизга ишонч ҳосил қилинг
Аввало инфекциядан тузалганингизга ишонч ҳосил қилинг. Сизда энг сўнгги аломатлар йўқолганидан кейин ҳам 14 кун кутинг. Бу касаллик бўй кўрсатиши учун етарли муддат. Коронавирус одам танасида ҳеч қандай аломатсиз ҳам «жон сақлаши» мумкин. Тиббиётга оид журналлардан бирида келтирилган тадқиқотда айтилишича, коронавирусдан тузалган беморларнинг деярли ярмида Covid-19 вируси касаллик аломати ўтиб кетганидан кейин ҳам саккиз кунгача сақланиб қолган. Шифокорлар коронавирусдан тузалганларга аломатлар йўқолганидан кейин ҳам 8 кун ўзини иҳоталашда давом этишни ва кўчага чиққанда ниқоб тақишни тавсия қилишган.

Қон «эҳсон қилиш»
Яъни, қон бериш. Бу энг муҳим нарсалардан бири. Касалликдан тузалган одам қонида коронавирусни енгишга қодир заррачалар бўлади. Ахир у шунинг учун ҳам касалликни енгган-да. Албатта, коронавирусдан тузалганларнинг қони қолганларни ҳам даволаши исботлангани йўқ, лекин шифокорларнинг айтишича, бу тажриба ёрдам бермоқда.

Бу усулдан аввал ҳам фойдаланишган. 1918 йил дунёга тарқалган «испанка» вирусини даволаш учун бу касалликдан тузалганларнинг қон плазмалари даволашда ишлатилган. Умуман, бу тажриба бошқа касалликларни даволашда ҳам қўлланади. Сиз коронавирусни енгган бўлсангиз, бераётган қонингиз бошқаларга ҳам фойда бериши мумкин. Шифокорлар тузалган одамларнинг қони қуйилган беморлар ҳолатида ижобий ўзгариш бўлаётганини, масалан, улар камроқ кислородга эҳтиёж сезаётганини тасдиқлашган.

Қон бериш учун аввал тестдан ўтиш керак. Камида 14 кун давомида коронавирус аломатлари аниқланмаган ва манфий натижа чиққанлардан қон олиниши мумкин. Бу жараёнда кўплаб тиббиёт ташкилотлари қатнашмоқда. www.ccpp19.org сайтида жараён ҳақида тўлиқ маълумот берилган. Айнан шу сайтда ва Қизил Ҳоч жамиятининг расмий сайтида қаерда қон топшириш мумкинлиги ҳақида маълумот бериб борилади.

Коронавирусдан тузалган одам ўз қонини ҳар 28 кунда «эҳсон қилиши» мумкин. Жараён 1,5-2,5 соат вақт олади. Сўнгги вақтларда қон бериш камайиб кетди, чунки одамлар уйдан чиқишга, айниқса, тиббиёт бирлашмаларига боришга қўрқиб қолди.

Агар тўлиқ тузалган бўлсангиз, эҳтиёткорликни сақлаган ҳолда бошқаларга ёрдам беринг. Ёши катталар ва сурункали касаллиги борларга, яъни вирус оғир ўтадиган одамларга сиз ҳаммасини енгиб ўтганингизни билдиринг. Аммо яна такрорлаймиз, эҳтиёткорликни энг юқори даражада таъминланг.

Уйдан туриб хайрия қилишингиз мумкин
Агар сиз касалликдан тузалган бўлсаниз ва одамларга ёрдам беришни истасангиз-у, уйдан чиқишга имкон бўлмаса, бунинг ҳам йўли бор. Пулингизни қандай эҳсон қилишни билмаётган бўлсангиз, ҳисоб рақамингиз орқали турли хайрия ташкилотларига эҳсон қилинг. Ишидан айрилганлар, боқувчисини йўқотганлар сизнинг пулларингиз эвазига қийин кунлардан чиқиб кетиши мумкин, дея мақоласини якунлаган Тим Эррера.

Коронавирусдан тузалганларга яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчимиз. Унутманг, сиз катта синовдан ўтдингиз. Ҳаётнинг сиз учун янги босқичи бошланди. Шунчаки ҳаётдан завқланинг, бу оғир дарддан қутулганингиз шукронаси сифатида имконингиз бўлса, муҳтожларга ёрдам беринг. Одамларга бу касалликни енгиш мумкинлигини кўрсатинг.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирусни енгдингизми? Энди қолганларга ёрдам беришингиз мумкин