
Хабарингиз бор жорий йил 8 апрель куни Юртбошимиз томонидан ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш лозимлиги, йилига 2-3 марта ҳосил олаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, аксинча, шундай имкониятдан фойдалана олмаётган хонадонларга ер солиғини ошириш борасида аниқ топшириқлар берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, давлат солиқ органи ходимлари зиммасига аҳоли хонадонларидаги томорқа ерларига экин эктириш вазифаси юклатилди.
Айни пайтда Бухорода давлат солиқ органлари томонидан вилоятда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.

Айниқса, давлат солиқ хизмати ходимлари бошчилигида, маҳалла, ички ишлар, банк, бандлик бўлимлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар кўчама-кўча ва қишлоқма-қишлоқ юриб, томорқалардаги ҳар қарич ердан самарали фойдаланишни ташкил этмоқдалар.
Эътиборлиси, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида вилоятда “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида жойлардаги кам таъминланган оила вакиллари, хусусан 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшларни томорқа хўжалигида банд қилиш мақсадида янгича иш услуби йўлга қўйилди.
Куни-кеча Ромитан, Пешкў ва Бухоро туманидаги ана шундай 10 нафар ишсиз ёшларга қишлоқ хўжалик мини техникалари (мотокультиватор) олиб берилди.
- “Томорқачига кўмакчи” акциясидан кўзлаган мақсадимиз вилоятдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини томорқачилик тармоғига ишга жалб қилишдан иборат дейди, - вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи - Шерзод Ашуров. - Ушбу ёшлар энди ишчи гуруҳи томонидан аниқланган қаровсиз томорқа ерларини тартибга келтириш, ижтимоий химояга муҳтож ва ногиронлиги бор оиларга томорқачилик ишларида ёрдам бериш, шунингдек, экин экилмай фақат беда экилган ерларнинг ярмини бузиб, экин экишга тайёрлаш билан шуғулланадилар. Томорқачилик ишларига жалб қилинган ушбу ёшларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан ойлик маошлари ҳам тўлаб борилади. Экин экиш ишлари тугагач, ушбу қишлоқ хўжалиги техникалари ёшларнинг ўзларига текинга берилади.

Ромитан тумани Шўробод қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммадали Набиев шу пайтгача бир неча бор Россия федерациясига иш излаб борган, аммо омади юришмай уйга қайтишга мажбур бўлган. Айни пайтда ҳам ишсиз бўлгани боис 4-сектор раҳбари Муҳаммадали Набиевнинг оилавий аҳволини ўрганиб, уни “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ишга таклиф қилди.
- Отам ғишт заводида меҳнат қиладилар, онам уй бекаси, - дейди “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ташкил этилган отрядга қўшилган Муҳаммадали Набиев. – Тўғриси, шу иш билан шуғулланиш ниятим ҳам йўқ эмасди. Лекин маблағимиз йўқлиги боис, турли ишларга ёлланиб ишлашга мажбур эдим. Ушбу акция менинг ҳаётимни ўзгартириб юборди. Энди мен ҳам кимгадир керакман.

Пешкўлик иш излаб юрган Жўрабек Туйғуновга ҳам 4-сектор ишчи гуруҳининг таклифи маъқул бўлди.
- “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ташкил этилган отряд аъзоси бўлганимдан фахрланаман, - дейди Жўрабек Туёғунов. – Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам мотокультиваторлик ҳам кунлик ва ойлик даромадлик бўлдим. Бу билан оиламга, ота-онамга ёрдамим тегишидан хурсандман. Менга ажратилган мотокультиваторлар ёрдамида аҳоли томорқасини юмшатиш, чопиш каби ишларни бажаришдан чарчамайман.
Аҳамиятли томони ишга жалб қилинган ушбу ёшларнинг ёнига иш излаб юрган яна бир нафардан тажрибали фуқаролар жалб қилиниб, уларнинг ҳам иш билан бандлиги таъминланди. Бунинг натижасида улар отряд усулида бугуннинг ўзида 50 сотихдан ортиқ аҳоли томорқаларини ҳайдашни бошлаб юборишди.

Шу ўринда қишлоқ жойларида мотокультиватори бор фуқаролар аҳоли томорқасининг ҳар бир сотиғини 15 минг сўмдан ҳайдаб бераётганини инобатга олсак, ушбу ёшлар кунига 10 сотих ер ҳайдаса 150 минг сўм, ойига 4 ярим миллион сўм топади деганидир. Бундан ташқари, уларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан 750 минг сўмдан ойлик маошлари ҳам берилади.

Кези келганда айтиш мумкин вилоят давлат солиқ бошқармаси Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ҳудуддаги жами 100 нафар ёш жамоатчилик асосида ишга жалб қилинади.
Рақамларга эътибор берсак, Вилоятдаги 274 669 та хонадонларга 37 078 гектар торморқа ер майдони ажратилган.
Ушбу ер майдонларининг:
3,8 минг гектарига - картошка,
2,6 минг гектарига - сабзавот,
0,9 минг гектарига - полиз,
1,8 минг гектарига - дуккакли,
7,8 минг гектарига - бошқа экинлар экиш режалаштирилган.
Айни пайтда вилоятда ушбу ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида фуқаролар йиғини ва кўчалар бўйича 576 та ишчи гуруҳи тузилган.
Мазкур ишчи гуруҳлари томонидан айни кунга қадар аҳоли ихтиёридаги самарасиз фойдаланилаётган томорқа ерларининг жами
1 076 гектарига картошка,
2 651 гектарига турли сабзавотлар,
268 гектарига полиз,
357 гектарига дуккакли ҳамда
436 гектари бошқа экинлар эктирилиши таъминланди.
Шунингдек, мавсум бошидан буён томорқачилик учун ажратилган жами
695,1 гектар беда ерлар буздирилиб,
уларнинг 278 гектарига картошка,
497,6 гектарига сабзавотлар,
1 16,3 гектарига полиз,
152,4 гектарига дуккакли экинлар ҳамда
189,7 гектар ер майдонига бошқа экинлар экилди.
Ишчи гуруҳи зиммасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар жуда кўп. Шу жиҳатдан 4-сектор ва бандлик бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Томорқачига кўмакчи” акцияси доирасида ташкил этилган отряднинг вилоятда аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ишларини янада жонлантиришига шубҳа йўқ.
Бухоро вилояти
ДСБ Матбуот хизмати.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! ДСБ Матбуот хизмати.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг