20:13 / 23.06.2020
1 990

Нурафшонда “ақлли шаҳар” қурилиши учун 213 та объект бузилиб, уларнинг эгаларига 24,5 млрд сўм товон тўланган

Нурафшонда “ақлли шаҳар” қурилиши учун 213 та объект бузилиб, уларнинг эгаларига 24,5 млрд сўм товон тўланган
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Ўзбекистондаги илк “Smart City” (“ақлли шаҳар”) қурилиши учун Тошкент йўли кўчасида 213 та объект бузилиб, жой эгаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 24,5 миллиард сўм товон пули тўлаб берилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, шаҳарнинг марказий кўчасида 172 та бино ва иншоот барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 36 тасида қурилиш ишлари олиб бориляпти. Ушбу объектларга сув ва канализация тармоқлари тортилмоқда.

«Канализация тизими, ичимлик сув, газ ва электр энергияси таъминотлари бутунлай янгидан йўлга қўйилади. Канализация ва ичимлик сув қувурлари учун ҳукуматимиз томонидан 141 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, 4 минг куб сувни тозалайдиган иншоот барпо этилмоқда. Тошкент йўли кўчасида 9 та банкларнинг бинолари бунёд этилди. Бир-икки йил мобайнида 96 та ана шундай иншоотлар қурилади. Ҳозирги кунда 14 та етти қаватли тураржой биноси фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, шаҳарда Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши, вилоят Адлия, Молия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари маъмурий бинолари, автосалон қурилиб, фойдаланишга топширилди
», – дейди халқ депутатлари Нурафшон шаҳар кенгаши депутати Аҳмадали Сармонов.

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Нурафшон шаҳрини мамлакатимиздаги биринчи ақлли шаҳарга айлантириш ҳақидаги концепцияга мувофиқ шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий тураржойлар, бизнес марказлари, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт марказлари, кутубхоналар, мактаблар, кўп тармоқли шифохоналар бунёд этилади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, истироҳат боғлари, яшил майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар, йўллар қурилади. Жамоат транспорти ҳаракати ҳам йўлга қўйилади.

Уч йил давомида тор ва уйдим-чуқур ички кўчалар, таъмирталаб автомобиль йўллари, хуллас, шаҳардаги бутун инфратузилма янгиланиб борилади.

Умумий майдони 217 гектар гектардан иборат бўлган Тўйтепа шаҳарчаси ўрнида вужудга келган Нурафшон шаҳрининг жами майдони бугунги кунда қарийб 16 баравар кенгайган бўлиб, айни пайтда 3248,2 гектарга тенг. Мавжуд 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 48,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилда Нурафшон шаҳрида умумий қиймати 782 млрд 500 млн сўмдан иборат 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нурафшонда “ақлли шаҳар” қурилиши учун 213 та объект бузилиб, уларнинг эгаларига 24,5 млрд сўм товон тўланган