21:25 / 29.06.2020
2 784

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида соф палладий олишга эришилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида соф палладий олишга эришилди
Дунё бозорида 1 грамм палладий нархи 67 долларга баҳоланмоқда. Бу нодир металл асосан заргарлик, тиббиёт, хусусан, стоматология соҳасида, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташаббуси ва илмий тадқиқотлари туфайли биринчи бор юқори тозаликдаги 99,00 фоиз соф палладий кукунини олишга эришилди. Бу ҳақда комбинат матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тозаланган соф палладий кукуни ажратиб олиш учун 17та жараённи босиб ўтиш керак бўлади.

Ўтказилган тадқиқотлар асосида паст концентрацияли электролит эритмаларидан юқори тозаликка эга бўлган соф палладий кукунини ажратиб олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилиб, металл ажратиб олиш даражаси 80 фоизга олиб чиқилди. Шу маънода комбинат раҳбариятининг фаол ва илғор ташаббуси билан 2018 йилдан буён олиб борилган илмий тадқиқот ишлари диққатга моликдир”, дейилади хабарда.

Маълумот берилишича, бугун дунё бозорида 1 грамм палладий нархи 67 долларга баҳоланмоқда. Платинадан 7,3 фоизга қиммат юрадиган бу нодир металл асосан заргарлик, тиббиёт, хусусан, стоматология соҳасида, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади.

Дунё миқёсида Европа, Япония, Хитой ва Шимолий Америка давлатлари саноат бозорида палладийдан унумли фойдаланаётган давлатлар сафига киради.

Шундай экан, қайта ишланган электролитдан соф палладий кукунини ажратиб олишни саноат соҳасига кенг татбиқ этаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг бу саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз иқтисодий ишлаб чиқариш салоҳиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади ва албатта, палладийдан унумли фойдаланаётган ривожланган давлатлар сафига киришимизга умид қилиб қоламиз”, дейилади комбинат ахборот хизмати хабарида.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олмалиқ кон-металлургия комбинатида соф палладий олишга эришилди