11:50 / 12.07.2020
2 708

Карантин даврида ёрдамга муҳтож фуқаролар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Карантин даврида ёрдамга муҳтож фуқаролар қаерга мурожаат қилиши мумкин?
Карантин шароитида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар 1197 қисқа рақами ёки Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 203 01 21 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин, деб маълум қилди вазир Раҳмат Маматов.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 1 августгача жорий этилган қатъий карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояси қандай ташкил этилиши бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

«Дастлабки босқичда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишсиз, доимий даромад манбайини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларинининг манзилли рўйхатлари шакллантирилади.

Бу рўйхатга:
- таъминот манбайи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган, кўп болали оилалар;
- ижтимоий нафақаси ўз эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбайига эга бўлмаган оилалар;
- чин етимлар, бола тарбияси билан қариндошлари шуғулланаётган оилалар;
- ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;
- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёллар ва ёлғиз эркаклар;
- ота-онасидан бири ёки ҳар иккиси ҳам ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисобида турган оилалар;
- меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган, мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб қайтиб келган ва даромадсиз қолган фуқароларнинг оилалари киритилади.

Шу билан бирга, вазиятдан келиб чиққан ҳолда аҳолининг бошқа тоифаларига ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилиши назарда тутилган.

Иккинчи босқич тартиби ҳозирда амалиётда давом этиб келаётган «Саховат ва кўмак» ҳаракати фаолияти билан боғлиқ. Бунда эҳтиёжманд оилаларга Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, «Маҳалла» фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармаларидан зарур маблағлар ажратилади.

Учинчи босқичда жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий ёрдамларни шакллантиради.

Бунда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан юқорида келтириб ўтилган мезонлар асосида шакллантирилган аҳоли рўйхатлари асосида ташкил қилинади. Биз ҳозирча муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 101 минг 980 нафар фуқаронинг ҳудудлар кесимидаги рўйхатини шакллантирдик.

Тўртинчи ва энг муҳим босқичда вазирлик маҳаллий ҳокимлик ва Ёшлар агентлиги билан биргаликда тўпланган мазкур моддий кўмак юкларини манзилли рўйхат асосида аҳоли хонадонларига етказилишини таъминлайди. Бунда, албатта, барча зарурий эҳтиёт чоралари қўлланилади, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилади ҳамда маҳсулотларга дезинфекцион ишлов берилади.

Шунингдек. хайрия маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланадиган ходимлар ва волонтёрлар ҳимоя воситалари — тиббий комбинезон, тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан тўлиқ таъминланади.

Шу ўринда барча фуқароларни қизиқтирувчи яна бир маълумотни беришни истардим. Яъни, жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар 1197 қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилишлари ҳамда ўз эҳтиёжларини баён этишлари мумкин.

Ундан ташқари, вазирликда мавжуд 203 01 21 рақамига телефон қилиб мурожаат қилишлар мумкин. Мазкур телефон тармоғи орқали боғланган фуқароларимиз мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинади ҳамда уларга ҳам зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади», – деди Раҳмат Маматов 12 июль куни АОКАда ўтган брифингда.

Эслатиб ўтамиз, 20 кунлик карантин даврида 120 мингга яқин муҳтож оилага ёрдам кўрсатиш учун 20 млрд сўм ажратилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантин даврида ёрдамга муҳтож фуқаролар қаерга мурожаат қилиши мумкин?