«Шармандали маҳалла», «уятли хонадон»: Чинозда янги баҳс...

Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳов ободонлаштириш ишлари қониқарсиз деб топилган Бирлик маҳалласини «Шармандали маҳалла» деб белгилаш ва талабларни бажармаган хонадонларга «Уятли хонадон» ёзувини осиш ҳақида топшириқ берган. 27 июл куни эълон қилинган видеода маҳалла ва хонадонларни кўздан кечириш, уларнинг ҳолатини суратга олиб, фотосуратларни бир кун ичида ҳокимга тақдим этиш вазифаси юклатилгани кўрсатилган.
Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳов иштирокида ўтказилган йиғилиш видеоси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Унда ободонлаштириш ишлари қониқарсиз деб топилган Бирлик маҳалласига «Шармандали маҳалла» ёзувини осиш, талабларни бажармаган айрим уйларни эса «Уятли хонадон» деб белгилаш ҳақида топшириқ берилган.
Ҳокимлик Бирлик маҳалласидаги ҳолат танқид қилинганини тасдиқлаб, уни «рамзий маънода» шундай ном билан эътироф этган. Бироқ хусусий хонадонларни омма олдида уялтириш усули инсон қадри, шахсий ҳаёт ва бошқарув маданиятига доир жиддий саволларни ўртага чиқарди.
«Халқ кўрадиган жойга ил»
27 июль куни ҳокимлик ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеода туман ҳокими маҳалла раислари ва мутасаддилар билан ободонлаштириш масалаларини муҳокама қилади.
Салиҳов Бирлик маҳалласи биноси ҳовлисида гул, райҳон ва кўчатлар экилмагани, бегона ўтлар ўсиб кетгани ҳамда ўрилган хашаклар йиғиштирилмаганини танқид қилади.
Шундан сўнг у қўлига «Шармандали маҳалла» деб ёзилган лавҳани олиб, уни одамлар кўрадиган жойга осиш бўйича топшириқ беради.

«Шармандали маҳалла бу — Бирлик маҳалласи», — дейди ҳоким видеода.
Чиноз тумани ҳокимлигининг расмий Telegram каналидаги хабарда ҳам Бирлик «таянч — оғир маҳалла» сифатида кўрсатилган. Масъуллар фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, маҳалла «кўпчиликнинг фикри ва берилган баҳолар асосида рамзий маънода» «Шармандали маҳалла» деб эътироф этилгани ёзилган.
Энди хонадонлар ҳам суратга олинади
Видеодаги топшириқ фақат маҳалла биноси билан чекланмаган. Тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат 40 нафар масъулга маҳалла раислари билан бирга уйма-уй юриш вазифаси юклатилган.
Улар дастлаб ўз ташкилотлари идораларини, кейин эса маҳалла раисларининг хонадонларини кўздан кечириши кераклиги айтилган. Ўрганиш жараёнида:
дарвозаларнинг бўялган ёки бўялмагани;
деворларнинг оқлангани;
кўча томонда гул, райҳон ёки кўчат борлиги;
ҳовли ва томорқанинг ҳолати суратга олинади.
Тўртта йўналиш бўйича тайёрланган фотосуратлар бир кун ичида ҳокимга тақдим этилиши белгиланган.
Салиҳов белгиланган муддатда талаблар бажарилмаса, ўша уйга шахсан бориб, «Уятли хонадон» ёзувини осишини айтган.

Ҳозирча бундай лавҳалар амалда бирор хонадонга осилгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ. Ҳокимликнинг очиқланган расмий хабарида ҳам «Уятли хонадон» ташаббуси, фуқароларнинг розилиги ёки уйларни кўздан кечириш тартибига изоҳ берилмаган.
Ободонлаштириш қаерда тугайди?
Кўчалар, ариқлар ва жамоат ҳудудларини тоза сақлаш маҳаллий идоралар ҳамда аҳолининг умумий манфаатига хизмат қилади. Қаровсиз майдонларни тозалаш ва масъул раҳбарлардан натижа талаб қилиш ҳокимлик вазифаларининг бир қисми ҳисобланади.
Бироқ хусусий хонадонга кириш, унинг ҳовлиси ва томорқасини суратга олиш ҳамда уй эгасини ҳақоратомуз ном билан оммага кўрсатиш бошқа масаладир.
Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани белгиланган. 31-модда эса ҳар бир инсонга шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шунингдек, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини кафолатлайди. Уйга кириш ва уни кўздан кечиришга фақат қонунда белгиланган ҳолатлар ҳамда тартиб асосида йўл қўйилади.
Бу нормалар Чиноздаги топшириқ қонунбузарлик деб топилди, дегани эмас. Бундай ҳуқуқий хулосани ваколатли идора ёки суд бериши мумкин. Аммо «Уятли хонадон» лавҳаси, уйларни суратга олиш ва оммавий шарманда қилиш усулининг қонуний асоси очиқ тушунтирилиши зарурлигини кўрсатади.
Натижа талаб қилишми ёки оммавий уялтиришми?
Бирлик маҳалласида санитария ва ободонлаштириш билан боғлиқ камчиликлар бўлиши мумкин. Масъул раҳбарларнинг ўз вазифасини бажариши устидан назорат ўрнатилиши ҳам табиий.
Аммо давлат идорасининг мақсади фуқарони уялтириш эмас, муаммони ҳал қилиш бўлиши керак. Айниқса, уйни таъмирлаш, дарвозани бўяш ёки кўчат экиш имконияти ҳар бир оиланинг моддий аҳволига ҳам боғлиқ.
Кимдир бепарволик сабаб ҳовлисини қаровсиз қолдирган бўлиши мумкин. Бошқа бир хонадон эса кам таъминлангани, ёлғиз кекса ёки ногиронлиги бўлган шахс яшагани учун бу ишларни бажара олмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Бундай вазиятда жазоловчи лавҳа эмас, амалий ёрдам самаралироқ натижа бериши мумкин.
Чиноздаги воқеа ободонлаштиришдан ҳам каттароқ масалани кўрсатди: раҳбар натижа талаб қилар экан, инсон қадри ва қонун белгилаган чегарани ҳам унутмаслиги керак.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқларда улашинг!































Изоҳлар 0
…