15:47 / 16.07.2020
3 362

Дорихонадаги можаро тафсилотлари маълум қилинди (видео)

Дорихонадаги можаро тафсилотлари маълум қилинди (видео)
Telegram каналларида номаълум шахснинг дарғазаб ҳолатда дорихона сотувчисига ташлангани, пештахта ойналарини уриб синдиргани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу воқеа 10 июль куни соат тахминан 12:30ларда Олмазор туманида жойлашган «Farm Help» масъулияти чекланган жамиятга тегишли дорихонада юз берган. Дорихона пештахтаси ойналарини синдирган, бошқа буюмларга ҳам зарар етказган эркак 1956 йилда туғилган Ғ. исмли шахс бўлиб чиқди. Аниқланишича, ҳодиса натижасида сотувчи-фармацевт тан жароҳати олган.

Суриштирув давомида аниқланишича, дорихона сотувчиси шифокор рецептида кўрсатилган, кўз касалликларини даволашда ишлатиладиган 0,1 фоизли Атрапин сульфат [Atropine sulfate] томчи-дори ўрнига 1 фоизли томчи-дорини бериб юборган. Натижада бемор боланинг тана ҳарорати кескин кўтарилиб кетган. Набирасининг аҳволи оғирлашганидан дарғазаб бўлган Ғ. жаҳл устида дорихона ва унинг сотувчисига зарар етказган.

«Эрталаб неварамнинг кўзига дори томизилгандан кейин 10 дақиқа ўтмасдан бола бўғилишни бошлади. Иситмаси 38 даражага чиқиб кетди. Бутун бадани қизариб кетди. Дарҳол шифокорга қўнғироқ қилдик. Болани тез олиб боришимизни айтди. Олиб борсак, нотўғри дори берганимизни айтди. Нега кучли дозадаги дорини ишлатганимизни сўради. «Дорихонадан рецептингиз бўйича берилган дорини ишлатдик, сотувчи мана шу дори 0,1 фоизли ҳисобланади деб берган эди», деб айтдик шифокорга.

Шундан сўнг ўзимни йўқотиб қўйдим. Шифохонадан чиқиб тўғри дорихонага бордим. «Нега бу дорини бердинг?» деб сотувчининг бир-икки марта пешонасидан туртдим. «Шунчалик саводсизмисан?!», деб айтдим. У ёғига нима бўлгани эсимда йўқ. «Шок» ҳолатида бўлганман. Нима қилганимни ўзим билмайман», дейди Ғ. исмли фуқаро.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, рўй берган ҳодиса натижасида етказилган зарар миқдори 2,4 млн сўмни ташкил этади.

Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилган. Йиғилган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун маъмурий ишлар бўйича Олмазор туман судига юборилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дорихонадаги можаро тафсилотлари маълум қилинди (видео)