00:03 / 20.07.2020
3 222

Ғафур Ғулом паркини ижарага олган Сингапур компаниясининг таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси экани маълум бўлди

Ғафур Ғулом паркини ижарага олган Сингапур компаниясининг таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси экани маълум бўлди
Фото: Google Images
Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом паркини 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Private Limited компаниясининг таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси Яккасарой туманида яшовчи Шерзод Ҳалимов экани маълум бўлди. Бу ҳақда «Gazeta.uz»га таяниб Дарё хабар қилди.

Маълумотларга кўра, компания 2019 йил 13 февралда рўйхатдан ўтган ва унинг устав фонди 1000 сингапур долларини (тахминан 720 АҚШ доллари) ташкил қилган. Компаниянинг асосий фаолият тури — фуқаролик қурилишининг бошқа объектлари қурилиши (ўйин комплекслари), иккинчи даражали йўналиш эса — парклар ҳисобланади.

Фото: Telegram
Ғафур Ғулом парки 2019 йил 9 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг 670-ф сон фармойиши ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 15 августдаги 1126-сон фармойиши асосида (иккала ҳужжат матни ҳам очиқ манбаларга жойлаштирилмаган) BMP Smart Decision’га 49 йилга ижарага берилган. Компания инвсетицион мажбуриятлари доирасида паркни жаҳон стандартларига жавоб берадиган қилиб қайта таъмирлаши, эскирган аттраксионларни янгисига алмаштириши лозим.

«1980 йилларда ўрнатилган эски аттраксионларни янгиларига алмаштириш, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда янги дарахтлар билан тўлдиришни ўз ичига олади. Реконструкциядан кейин ҳам боғ ҳудудига кириш аввалгидай бепуллигича қолади», — дея июль бошида Ғафур Ғулом боғи ўрнида янги турар жойлар ва бизнес марказ қурилиши ҳақида тарқалган хабарларни инкор этганди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Фото: Google Maps
2019 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт аҳолиси билан учрашиб, Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида маълумот берган. Ҳоким парк реконструкцияси вақтида бирорта дарахт кесилмаслигини айтган, ушбу учрашувда инвестор вакили сифатида Шерзод Ҳалимовнинг ўзи ҳам иштирок этганди.

«Gazeta.uz» нашрининг ёзишича, «Nuz.uz» ушбу учрашув ҳақида хабар қилган (аммо хабар ўчиб кетган, унинг нусхаси «Mytashkent.uz»да сақланиб қолган). Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов BMP Smart Decision компаниясининг парк реконструкциясига 10 миллион доллар инвестиция киритишини айтган. Шерзод Ҳалимов эса модернизация икки босқичда амалга оширилиши, биринчи босиқчда ёзги парк қайта таъмирланиши, иккинчисида эса йил давомида фаолият олиб борувчи ёпиқ ўйин ҳудуди қурилишини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ғафур Ғулом паркини ижарага олган Сингапур компаниясининг таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси экани маълум бўлди