18:18 / 21.07.2020
4 684

Автомобиль транспортида юк ташиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланмайдиган фаолиятга айланиши мумкин

Автомобиль транспортида юк ташиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланмайдиган фаолиятга айланиши мумкин
Барчамизга маълумки, замонавий логистика учун харажатларни қоплайдиган ва юқори сифатли транспорт тизимлари муҳим аҳамиятга эга. Дунё иқтисодиёти қандай қилиб, қаерда ва қачон товарлар ишлаб чиқарилиши ёки тақсимланиши нуқтаи назаридан чуқур ўзгаришларга дуч келганда ҳам уларнинг аҳамияти йўқолмайди. Автомобил транспорти хизматлари маҳаллий, минтақавий ва глобал қиймат занжири ўртасидаги кўприк ҳисобланади.

Жаҳон банки томонидан нашр этилган “Автомобил транспорти хизматларини ислоҳ қилиш” (Road Freight Transport Services Reform) номли қўлланмада ҳам транспорт хизматларини кўрсатишга миллий ёки минтақавий даражада муҳим иқтисодий сектор сифатида қаралиб, автотранспорт хизматларини доимий равишда ислоҳ қилиниши зарурлиги таъкидланган.

Ҳозирда республикамизда истеъмолчиларнинг ва ишлаб чиқариш талабларининг ўсиши янада кўпроқ транспорт операторларидан хавфсиз ва арзон бўлган сифатли юк ташиш хизматларини кўрсатишни талаб қилмоқда. Хусусан, статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 66 164 та транспорт воситаларига нисбатан 69 035 та лицензия варақалари берилган. Мазкур рақамлар автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйча ташиш фаолиятига бўлган талабнинг юқорилигидан дарак беради. Бироқ мазкур соҳада лицензия бериш тартиби бюрократик расмиятчиликка айланиб, соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шу сабабли ушбу секторни ислоҳ қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш соҳасида тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан бирга лицензиялаш ва рухсат бериладиган фаолият турлари рўйхати қайта кўриб чиқилди ва “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси тайёрланди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб, автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш учун лицензиялар олиш тартиби бекор қилиниши таклиф этилди.

Амалдаги тартибга қисқача тўхталадиган бўлсак, автомобиль транспортида юк ташиш фаолияти лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланиб, лицензия бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти билан тартибга солинади. Унга кўра, тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланади.

Шунга кўра, лицензия олиш учун ариза берувчи давлат хизматлари марказига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
а) юридик шахс учун — юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) учун юк ташиш ҳуқуқига лицензия олишда — фамилияси, исми, отасининг исми, паспортга ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига оид маълумотлар; фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома ва/ёки лицензия варақалари олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситаларининг рўйхати билан бирга автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар;

б) ариза берувчида ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти яратиб берилиши тўғрисидаги шартномаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан тегишли қарорлар қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига мувофиқ, юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича автомобиль транспортида ташиш учун белгиланган давлат божи эса юкнинг ҳажмига кўра БҲМнинг 1 бараваридан (3.5 тоннагача) 7 бараваригача (16 тоннадан ортиқ), яъни 223 000 сўмдан 1 561 000 сўмгача миқдорни ташкил қилади.

Хўш, автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш учун лицензиялар олиш тартиби бекор қилиниши нимани англатади? Агар лицензия олиш бекор қилинадиган бўлса, ушбу фаолият қандай назорат қилинади?

Автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш учун лицензиялар олиш тартиби бекор қилиниши эндиликда лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия варақаси мавжуд бўлишини, янгидан олинаётган ва тўлдирилаётган автотранспорт воситаларига лицензиатлар томонидан қўшимча лицензия варақаларининг ўз вақтида олинишини талаб этмайди.

Таклифга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги органлари томонидан юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти устидан назорат транспорт воситаларини ҳар йили мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ҳамда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан йўлларда назоратнинг ўрнатилиши орқали амалга оширилади.

Автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш учун лицензиялар олиш тартиби бекор қилиниши авваломбор, иқтисодий занжир вазифасини бажарувчи автомобиль транспортида юкларни ташиш фаолиятини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилишига, ушбу соҳада арзон ва сифатли бўлган хизматлар кўрсатилишига имкон беради.

Маълумот учун, Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг бирлаштириш йўли билан бекор қилинадиган айрим турлари рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш ҳамда йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро микроавтобус ҳамда автобусларда ташиш учун ягона лицензия берилиши кутилмоқда.

Юкларни автомобиль транспортида халқаро ташиш фаолиятидаги ўзгаришларга кўра эса, юкларни ташиш бўйича ҳар бир транспорт бирлигига лицензия карточкасини бериш амалиётини бекор қилган ҳолда транспорт бирлигини электрон рўйхатдан ўтказиш амалиётини жорий қилиш ва юкларни ташиш бўйича шартномаларни қатьий равишда «UzTrans» ягона интерактив ахборот тизимида электрон ҳисобга қўйиш тартибини жорий қилиш юзасидан эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Адиба Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Автомобиль транспортида юк ташиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланмайдиган фаолиятга айланиши мумкин