00:06 / 02.08.2020
1 454

Яна беш киши коронавирусдан вафот этгани хабар қилинди

Яна беш киши коронавирусдан вафот этгани хабар қилинди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари Муса Ерниязовнинг вафотини тасдиқлаб, ундан ташқари коронавирусдан яна 5та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди.
Бешала ҳолат ҳам Ўзбекистонда коронавирус ўчоғи бўлиб турган пойтахт Тошкент шаҳрида қайд этилган, барча ҳолатлар ёши 50дан ошган беморлар билан боғлиқ.

Умуман, вазирлик статистикасига киритилган 147та ўлим ҳолатининг 93таси Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Биринчи ўлим. Сергелида яшаган, 26 июль куни коронавирус аниқланиб шифохонага ётқизилган 75 ёшли эркак вафот этди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 75 ёшли К.Х. (эркак)да жорий йил 26 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва оғир ҳолатда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Олмазор туманида яшаган 67 ёшли аёл коронавирус қурбони бўлди. У дастлаб уй шароитида даволанган, аломатлар кучайгач 20 июлда шифохонага ётқизилган. Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 67 ёшли М.Т. (аёл)да 12 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даво муолажаларини олган.

20 июль куни эса нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Яккасарой туманида яшаган, бир неча йил олдин буйрак трансплантациясини бошдан ўтказиб, доимий гемодиализ олиб юрган 59 ёшли аёл коронавирусдан вафот этди.
Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган 59 ёшли М.М. (аёл)да 15 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Беморда 2014 йил буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилган бўлиб, 2017 йилда кўчириб ўтказилган буйрак ўз вазифасини бажаришдан тўхтаган ва у доимий гемодиализ олиб юрган.

Шунингдек, беморда қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, сурункали буйрак етишмовчилиги, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.
Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган, нафас етишмовчилиги кучайган 20 июлда касалхонага ётқизилган 67 ёшли эркак оламдан кўз юмди.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. (эркак)да 20 июль COVID-19 тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Учтепа туманида яшаган, 25 июлда шифохонага ётқизилган 64 ёшли эркак вафот этди.
Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.Т. (эркак)да 25 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайгани сабабли ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикасида ўлим ҳолатлари сони 147тага етди. Аммо вазирлик статистикасида Ўзбекистондаги барча ўлим ҳолатлари ҳам ўрин олмаяпти.

1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов 58 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди. Шунингдек, Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов 31 июль куни, 53 ёшида пандемия қурбони бўлгани маълум бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)