14:54 / 21.08.2020
2 556

Коронавирусни антибиотик даволайдими?

Коронавирусни антибиотик даволайдими?
Коронавирусга қарши Хитой тажрибасида баъзи ҳолларда антибиотиклардан фойдаланилгани айтилмоқда. Аммо кўплаб мутахассислар уларни коронавирусни даволашда фойдасиз эканини таъкидлаяпти, деб ёзади ССВ.

Бу масалага Тошкент тиббиёт академияси ректори, тиббиёт фанлари доктори Лазиз Тўйчиев ўз муносабатини билдирди.
— Антибиотик қабул қилиш даражаси МДҲнинг қатор давлатлари ҳудудида ҳаддан ортиқ юқори. Кўплаб ривожланган давлатларда эса антибиотиклар рецептсиз умуман берилмайди. Бизда ҳам аслида рецептсиз берилмаслиги керак. Бу қонунчиликда ҳам ўз аксини топган. Лекин дорихоначилар ва аҳоли орасида бунга биз кутганчалик амал қилинмаяпти. Бутун дунёда тан олинган меъёрлар бор.

Унда қайси касалликда қандай дори воситаси таъсир қилиши аниқ белгилаб қўйилган. Антибиотикни вирус учун қўллаш-ку мумкин эмас, аммо антибактериал восита сифатида қўлланганда шифокор рецептига қатъий амал қилиниши керак. Энг ачинарлиси, аҳоли орасида антибиотик коронавирусни даволашда фойда бериши ҳақида ҳали ҳам янглиш фикр бор. Бунинг асоссиз эканини тинмай такрорлаяпмиз.

Хитой тажрибасида ҳам пневмониянинг олдини олиш учунгина баъзи ҳолларда антибиотик қўлланилган бўлиши мумкин. Коронавирус нафас йўлларини ишдан чиқариб, пневмонияга олиб келади. Лекин пневмониянинг пайдо бўлишида бактерияларнинг ҳам таъсири аниқланса, шундагина антибиотик тавсия этилади. Аммо антибиотикнинг турлари жуда кўп. Уларнинг таъсир механизми ҳам ҳар хил.

Одамлар профилактика нуқтаи назаридан қайси антибиотикни қабул қилса бўлади, деб сўрашади. Антибиотикларни профилактика учун қабул қилиш мумкин эмас. Улар организмнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб берилиши керак. Шифокор антибиотикнинг аниқ тури ва оптимал дозасини белгилаб бериши лозим.

Лекин одамлар, масалан, уч кун антибиотик буюрилса, «тўрт кун ича қолай, янада яхши бўлиб қоламан», деб ўйлаб, организмида антибиотикка чидамлилик пайдо қилиб қўйишади. Бунинг хавфлилиги шундаки, организмга одатий даражада берилган доза таъсир қилмай қолади ва янада кучлироқ антибиотик бериш керак бўлади. Бора-бора антибиотикларнинг ҳеч бир тури организмга умуман таъсир қилмай қўяди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирусни антибиотик даволайдими?